Устознинг шогирдга тайёрлаган совғаси: “Сити” “Арсенал”ни яксон қилди
Спорт
−
28 Август 2021
2711Англия премьер лигасининг 2-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” ва “Арсенал” жамоалари ўртасидаги учрашув “шаҳарликлар”нинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Ушбу ўйинда Хосеп Гвардиола ўз шогирди Микель Артетага “мастер-класс” ўтаб берди.
Биринчи таймни фаол бошлаган лондонликлар 7-дақиқадаёқ қарши ҳужумда жазоланди ва Жезуснинг узатмасидан сўнг, Илкай Гюндоган ҳисобни очди. 12-дақиқада ҳимоячиларнинг жарима майдончаси ичидаги хатосидан унумли фойдаланган Ферран Торрес орадаги фарқни иккита голга оширди.
35-дақиқада “Арсенал” ярим ҳимоячиси Гранит Жакага қизил карточка кўрсатилди. У мазкур вазиятда Жоау Канселуга нисбатан қўполлик ишлатган эди. Шундан сўнг, бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган “Сити” футболчилари 43-дақиқада Габриэль Жезуснинг голи эвазига орадаги фарқни 3 та голга етказди.
Иккинчи таймда тўп назорати бўйича катта устунликка эришган манчестерликлар 55-дақиқада Родри, 84-дақиқада Ферран Торреснинг голлари эвазига 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, 3-турдан сўнг, 6 очко тўплаган “Манчестер Сити” тўплар нисбатига кўра биринчи ўринга кўтарилиб олди. Барча ўйинда мағлубиятга учраган “Арсенал” сўнгги ўринга тушиб қолди. Лондонликлар рақиб дарвозасини ишғол этмаган.
LiveБарчаси