Усмонованинг ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди – Кушербоев
Жамият
−
05 Май 2020
48485Кеча, 4 май куни Юлдуз Усмонованинг Ички ишлар ходимларини кескин танқид қилиб, ҳақоратлаб йўллаган видеомурожаати кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Хонанданинг бир нечта ходим сабаб бутун тизимни қоралаши жамоатчилик томонидан илиқ қаршиланмади.
Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев муносабат билдириб, уни ҳеч бир шаклда оқлаб бўлмаслигини таъкидлади.
“Мен ички ишлар соҳасида виждонан меҳнат қиладиган, мард, жасур, ҳалол минглаб ходимларни биламан ва уларнинг кўпчилигини ўзимнинг яқинларим қаторида кўраман.
Уларга осонмас. Бунинг нимагалигини ўзлари яхши билади. Бироқ бурч, масъулият туйғуси ҳаммасига чидашга, ўз ишини бажаришга ундайди уларни.
Куни кеча маданият соҳаси вакили Юлдуз Усмонованинг бутун ички ишлар соҳасига қилган муносабати ҳеч нарса билан оқлаб бўлмас ҳолат, деб биламан.
Албатта қонунлардаги тенглик принципидан келиб чиқиб, фуқаро сифатида уларнинг ушбу ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши шарт”, дейди депутат Кушербоев.
Қайд этиш керакки, Расул Кушербоев “Босар-тусарини билмаган депутат” масалсида ҳам фикр билдириб, Ички ишлар тизимида кўплаб инсофли ва ҳалол ходимлар ишлашини, умуман тизим ишчилари кўп ҳолларда ортиқча ва ўзларига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этилишини таъкидлаб ўтганди. Шунга қарамай, Кушербоев “Наманганлик депутат ишида” ИИВ Матбуот хизматини қоралаганди.
Эслатиб ўтамиз, Маданият ва Ички ишлар вазирликлари Юлдуз Усмонованинг видоемурожаатига муносабат билдирди. ИИВ хонанданинг ҳатти-ҳаракати бўйича суриштирув бошланганини маълум қилганди.
LiveБарчаси