Депутат ва ички ишлар ўртасидаги жанжал депутатларга қаратилган фитнами? Кушербоев билан интервью
Интервью
−
21 Апрель 2020
12542Яқинда ИИВ Ахборот хизмати томонидан халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида хизмат фаолиятини олиб бораётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари жанжали акс этган лавҳа эълон қилинди. Унда депутат карантин даврида ўрнатилган тартибларни бузгани, шахсий автомобилидан фойдалангани, ёнида йўловчи (жияни) бўлгани, у ЙПХ ходимларининг қонуний талабларини бажармай, ходимнинг погонини юлиб олгани айтилди. Жамоатчилик томонидан кучли танқидга учраган видео ИИВ ходимлари манфаати йўлида тайёрлангани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Кейинроқ депутат ўз важларини айтиб, танганинг иккинчи томонини кўрсатди. Жорий йилнинг 19 апрель куни эса Наманган шаҳар халқ депутатлари Кенгаши навбатдан ташқари сессия ўтказиб, ўзининг 16 апрель куни прокуратуранинг жиноят иши қўзғатишга розилик берилган қарорини бекор қилди. Ҳозирча ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур воқеа юзасидан QALAMPIR.UZ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев билан онлайн-мулоқот қилди. Ушбу интервьюни тўлиқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
“Агар хато ёки ҳуқуқбузарлик қилган бўлса, жамиятда эгаллаган мавқе даражасидан қатъи назар ҳамма жавоб бериши керак. Агар ҳақиқатан ҳам холис, ҳеч қандай ёлғон аралаштирилмаган ва уюштирилмаган бўлса, мен бунга тўғри қарайман. Лекин, шубҳали вазият бўладиган бўлса, очиқланмаган ва бирёқлама бўлса, албатта, бу кўпчилик қатори менда ҳам эътироз келтириб чиқаради”, дейди Кушербоев.
Қонунчилик палатаси вакили ўз сўзида давом этаркан, бу мамлакатдаги барча депутатларга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтади:
“Депутат – қанчадир одамнинг ишончини қозониб, овоз олган одам. Унинг ортида қанчадир минг одамнинг овози, ишончи турибди. Мен ҳам бу вазиятда кўпроқ депутатга ишонишга ҳаракат қиламан, чунки унга мендан ташқари кўпчилик ишонган. Бунда ҳолатга объектив қарашга ҳаракат қиламан. Наманганда бўлган ҳолат бўйича масалага умуман алоқаси бўлмаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳам тиқиштирилиши, жуда шубҳали туюлди. Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати томонидан тайёрланган лавҳада ҳам бу кўриниб турибди. Фақат кесатиқдан иборат. Депутатлар босар-тусарини билмай қолди, билмасдан туриб гапиради деган мазмунда гап боради. Наманган шаҳар Халқ депутатлари кенгаши аъзоси билан бўлган воқеанинг фонида йўқ жойдан Олий Мажлис депутатларининг фаолиятига баҳо бериб кетиляпти”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида парламентнинг қуйи ва юқори палаталари аъзолари билан ўтказган йиғилишида ва Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида депутатлар халқ вакили эканига алоҳида урғу бериб, маҳаллий кенгашларнинг мавқеини ошириш масаласини долзарб вазифа сифатида қўйган эди. Айни шундай бир вақтда маҳаллий кенгаш депутатига нисбатан бундай муносабатни Олий Мажлис депутатлари қандай баҳолайди? Агар халқнинг вакили босар-тусарини билмаётган бўлса, бу халқ ҳам босар-тусарини билмаяпти, деган ишора эмасми? Бу саволга нисбатан Кушербоев қуйидагича муносабат билдирди:
“Худди шундай сигнал. Президентимизнинг бир яхши гаплари бор: депутатга беписандлик – халққа беписандлик. Депутатга муносабат – халққа муносабат. Чунки, у халқнинг вакили. Битта депутатга муносабат, муомала ёки у билан содир бўладиган воқеага унга ишонган минглаб аҳолига нисбатан муносабат сифатида қаралиши керак. Шунинг учун ҳам депутатларга дахлсизлик ҳуқуқи берилади. У одамларнинг манфаати йўлида кимларгадир ёқмайдиган хатти-ҳаракатлар қилиши мумкин. Уларга шу сабаб дахлсизлик ҳуқуқи берилган. Намангандаги воқеада шуни кўрдикки, депутатнинг дахлсизлиги, қонунларда ёзиб қўйилган кафолатлари амалда ҳеч нарса бўлмай қолди. Менда эътироз уйғотган нарса, унинг айнан депутат бўлгани эмас, одамларга бўлган муносабатда. Агар депутат билан шунақа муносабат бўлаётган бўлса, унга нисбатан бирёқлама қараш бўлаётган бўлса, фуқаролар қандай аҳволга тушяпти экан, деган савол туғилди. Қонунда ёзилган кафолатларни депутатнинг ўзи ишлата олмаса, қолганлар нима қилади? Шундан келиб чиқиб менда шубҳалар пайдо бўлди ва бирёқламалик жуда сезилдики, оқибатда бизнинг шубҳаларимиз ва холисликка нисбатан билдирган эътирозларимиз ўзининг тасдиғини топяпти”.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеохабарда нафақат Муҳаммадиев масаласига, балки бугунгача ИИВ фаолиятини танқидга олган барча депутатларга кинояли жавоб қайтарилади. Лавҳа “босар-тусарини билмаган депутат” номи билан эълон қилинган. Бугунгача ушбу лавҳа YouTube тармоғида қарийб 25 минг марта томоша қилинган. Кушербоевнинг эътирози ҳам айнан лавҳа номига бўляпти.
“Депутат ҳақиқатан ҳам босар-тусарини билмай қолган бўлса ҳам давлат органининг расмий Ахборот хизмати “босар-тусарини билмай қолган” деган фон билан бермайди. Бу давлат органи, журналист эмас. У ижодкормаски, ҳиссиётга берилса. Расмий орган расмий ахборот бериши керак, бўлди. Бошидан охиригача ҳиссиёт, ўзини бошқара олмаслик. Менга депутатларнинг таъзирини бериб қўйишдек кўринди. Қолаверса, айбсизлик презумпцияси деган нарса бор. Айби тўлиқ исботланиши керак. У ерда мен погонимни юлиб олди деган гап ишлатилди. Менда шубҳа пайдо бўлдики, 10-12 кишининг ёнида ходимнинг погонини қандай қилиб юлиб олиш мумкин. Бу маълумотлар ҳозир ўрганиляпти, лекин биздаги маълумотларга кўра, воқеа аслида бундай бўлмаган”, дейди Расул Кушербоев.
Лавҳада депутатни Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари ходимлари қўлини қайирган ҳолатда, куч ишлатиб автобусга олиб чиқатганини кўриш мумкин. Кушербоев ушбу лавҳаларга ҳам қатъий эътироз билдириб, айби суд томонидан исботланмаган шахсга нисбатан бундай муносабатни қоралайди.
“Дахлсизлик деган масала бор. Хоҳлаймизми ё йўқ, депутатнинг дахлсизлиги бошқа фуқароларга қараганда кучлироқ, бу қонунда ҳам белгиланган. Лекин, ўша жараёнда ҳали унга нисбатан иш қўзғатилмасдан туриб, қўлини қайириб, автобусга тортиб кетиш ҳолатлари жуда хунук кўринди. Бу ерда ўзига берилган ваколатдан, имкониятлардан тўғри йўлда фойдаланиши керак бўлган жиҳатларда зўравонликдан фойдаланилган. Мен Ички ишлар тизимида жуда кўп инсофли, диёнатли, ҳалол меҳнат қиладиган жуда кўп одамларни биламан. Ҳақиқатда халқнинг розилигини олиш йўлида хизмат қиладиганлари жуда кўп. Уларни қаттиқ ҳурмат қиламан. Бундай ҳолатлар эса баъзан тизимга нисбатан ҳам салбий фикр уйғотади. Шунинг учун холислик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, масъул идоралар барибир фуқаролар билан у ким бўлишидан қатъи назар муомалада, муносабат ўрнатишда биринчи навбатда намуна бўлиши керак”, дейди депутат Кушербоев.
Ушбу интервьюни тўлиқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси