Усмонов, Абрамович ва яна 33 киши: АҚШ Навальний учун Путиннинг олигархларини жазоламоқчи

Олам

image

АҚШ Конгресси қўмитаси Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийга қилинган суиқасд юзасидан 35 нафар россияликка нисбатан санкция қўллаш бўйича Оқ уйга киритиладиган рўйхатни тасдиқлади. Бу ҳақда Хельсинки комиссия аъзоси ва конгрессмен Пол Массаро ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, рўйхатдан миллиардерлар – Роман Абрамович, Алишер Усмонов ва Олег Дерипаска, “Газпром” раиси Алексей Миллер, “Роснефть” бош директори Игорь Сечин, “Биринчи канал” бош директори Константин Эрнст, “Russia Today” бош муҳаррири Маргарита Симоньян, “Россия-1” журналисти Владимир Соловьев, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников, Россия гвардияси директори Виктор Золотов ва бошқалар жой олган.

Хабарга кўра, қонун лойиҳаси Конгрессга демократ Том Малиновски ва республикачи Жон Кертис томонидан Магнитский қонунига мувофиқ киритилган. Энди келаси олти ой давомида ҳужжатлар Президент Жо Байден маъмурияти томонидан кўриб чиқилади.

Қайд этиш керакки, Навальний тарафдорлари мухолифатчи ҳибсга олинганидан кўп ўтмай жорий йилнинг январь ойида худди шундай рўйхатни эълон қилишганди. Улар Қўшма Штатлардан ушбу рўйхатдагиларга нисбатан шахсий санкциялар қўллашни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги шахсларнинг кўпчилиги ҳақида Навальний ва унинг жамоаси турли хил суриштирув фильмларини олган. Яқинда улар Россия Ташқи ишлар визири Сергей Лавров ҳақида ҳам шунга ўхшаш фильмни оммага намойиш қилган эди. Унда Лавров мансаби ва ваколатини суистеъмол қилиб, олигарх Дерепасканинг (ушбу фамилия ҳам юқорида келтирилгандек, санкцияга тушганлар рўйхатида бор) халқаро майдондаги муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига моддий манфаат кўриши ҳақида сўз боради. 

Маълумот ўрнида, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди. Ўлишига бир бахя қолган Навальний бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган. Шундан сўнг, февраль ойида у “Ив Роше” иши бўйича 3,5 йилга қамалган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

466

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг