USAID сентябргача тўлиқ тугатилади – “Reuters”

Олам

image

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) барча ходимлари жорий йилнинг сентябрь ойигача ишдан бўшатилади, хориждаги офислар эса ёпилади. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, агентликнинг икки собиқ юқори мартабали ходими кеча, 1 апрель куни USAID тугатилишини тасдиқлаган. Уларнинг сўзларига кўра, Илон Маскнинг харажатларни қисқартириш бўйича жамоаси USAID’ни ёпиш жараёнини якунлашга яқин бўлиб, минглаб маҳаллий ходимлар, шунингдек, АҚШ дипломатлари ва давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш тўғрисида қарор чиқарган.

АҚШ ҳукумати таркибидаги Ҳукумат самарадорлигини ошириш департаменти (DOGE) агентликнинг қолган штатларини ҳам тугатади.

Манбаларнинг маълум қилишича, август ойида 10 минг нафар хорижлик ходимга ишдан бўшатилиш тўғрисида расмий хабар юборилади.

“Бу шубҳасиз якуний ёпилиш”, дейди USAID’нинг собиқ ходимларидан бири.

Нашрнинг ёзишича, ишдан бўшатиш тўғрисидаги билдиришномалар хорижда USAID ташкилотларида ишлаётган АҚШ дипломатлари ва давлат хизматчиларига ҳам юборилади.

“Reuters” Конгресснинг мустақил тадқиқот хизматига таяниб ёзишича, USAID 60 дан ортиқ мамлакатда ваколатхонага эга бўлиб, унинг маблағлари асосан гуманитар ёрдам ва тиббиёт дастурларига йўналтирилган.

USAID’дан энг йирик ёрдам олувчи давлатлар:

  • Украина (ҳарбий можарода);
  • Конго Демократик Республикаси;
  • АҚШ иттифоқчиси Иордания;
  • Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳил ва урушдан вайрон бўлган Ғазо сектори.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги тарқатиб юборилишини расман маълум қилган эди. USAID'ни қайта ташкил этиш 1 июлга қадар амалга оширилади. Унинг функцияларининг бир қисмини Давлат департаменти ўз зиммасига олади.


Мақола муаллифи

Теглар

USAID АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг