Урушда кунига 20 нафар бола ҳалок бўлади – UNICEF

Олам

image

2005 йилдан буён дунё бўйлаб камида 120 000 бола можароларда жароҳатланган ёки ўлдирилган. Бу кунига 20 нафар болага тўғри келади. Бу ҳақда бугун, 5 июнь куни БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ослодаги қуролли можароларда болаларни ҳимоя қилишга бағишланган халқаро конференциясида маълум қилинди.

“Ҳар бир уруш болаларга қарши урушдир”, деган UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел. 

Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият урушларда болаларни яхшироқ ҳимоя қилиш учун ҳали ҳам ҳаракат қилмаяпти. UNICEF Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги 30 дан ортиқ можаролар ҳақида маълумот тўплаган. Ушбу инқирозлар даврида болалар ҳуқуқларининг 315 та жиддий бузилиши қайд этилган. Хусусан, можароларда камида 105 минг бола аскар сифатида фойдаланилган, 16 мингдан ортиқ қиз ва ўғил болалар жинсий зўравонликка учраган, 32,5 мингдан ортиқ бола низолашаётган тарафлар вакиллари томонидан ўғирланган. Шунингдек, зарар кўрган болаларнинг ҳақиқий сони анча юқори бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, БМТ мактаблар ва шифохоналарга 16 мингдан ортиқ ҳужумни қайд этган.

UNICEF халқаро болалар ташкилоти урушда болаларни ҳимоя қилиш бўйича мавжуд халқаро қонунлар ва меъёрларга риоя қилишга чақирган. Бошқа нарсалар қаторида аҳоли турар жойларида портловчи қуроллардан фойдаланишни тақиқлаш, болаларга қарши жиноят содир этганларни жавобгарликка тортиш зарур экани таъкидланган. Бундан ташқари, болаларни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш учун зарур молиявий ресурсларни ажратиш кераклиги айтилган. 

Хусусан, UNICEF’нинг урушдан вайрон бўлган ҳудудлардаги дастурлари, жумладан, миналардан ҳимоя қилиш бўйича тренинглар ва жинсий зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бир неча миллион болани қамраб олади. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилгача болаларни оилалар билан бирлаштириш, психологик ёрдам кўрсатиш ва болаларнинг қуролли гуруҳлар томонидан ёлланишини тўхтатиш учун 1,37 миллион доллар керак бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

болалар UNICEF

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг