“Ўрикзор” бозорида ишловчи сотувчининг фарзандларида ҳам коронавирус аниқланди
Жамият
−
30 Май 2020
10112Сўнгги кунларда Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари қатори Тошкент шаҳридан ҳам аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Касалланиш кўрсаткичлари шу темпда ўсиб борса эпидемия авж олиш хавфи янада кучаяди. Бу эса аҳолидан янада ҳушёр бўлиб, ўзи ва яқинлари саломатлигига ўта масъулият билан ёндашишларини талаб этмоқда.
Жумладан, бугун, 30 май куни ҳозирга қадар Тошкентда коронавирус инфекцияси аниқланган 11 нафар фуқаронинг барчаси аҳоли орасидан касалликни юқтириб олган. Бир неча кун олдин “Ўрикзор” савдо мажмуаси сотувчиси коронавирусга чалингани ҳақида хабар берган эдик. Эндиликда унинг ўғли ва қизида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.
Айни вазиятдан маълум бўладики, ҳар бир фуқаро, аввало, карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари лозим. Зарурат юзасидан кўчага чиқиб, уйга келганингизда ҳам қўлингизни совунлаб, қайта-қайта ювинг. Қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишдан тийилиш лозим. Энг муҳими, ижтимоий масофани сақланг, жамоат ва одамлар тўпланган жойлардан узоқроқ юринг, доимо тиббий ниқоб тақиб юришни унутманг. Акс ҳолда нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз, яқинларингиз соғлигини ҳам жиддий хавф остида қолдиришингиз мумкин.
Шу кунларда шифокорлар 726 нафар коронавирусга чалинган беморлар ҳаёти учун туну кун курашмоқда. Афсуски, беморларнинг 7 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Эслатиб штамиз, "Ўрикзор" савдо мажмуасида ишловчи сотувчилардан бирида жорий йилнинг 23 май куни коронавирус аниқланганди. Шундан сўнг, бозор 14 кунга карантинга ёпилганди.
LiveБарчаси