“Ўрикзор” бозорида коронавирус аниқланди
Жамият
−
23 Май 2020
16236Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан худудлар, жумладан, Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш ҳамда тарқалишининг олдини олиш мақсадида пойтахтдаги барча деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуалари ишчи-ходимлари, сотувчилари ҳамда юк ташувчиларидан профилактика мақсадида коронавирус инфекциясига лаборатор таҳлиллар учун суртма намуналари олиш ишлари ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
"Бугунги кунга қадар деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида ишловчи 6251 нафар фуқаро профилактик мақсадда коронавирус инфекциясига текширилди. Шу жумладан, куни кеча “Ўрикзор“ савдо мажмуаси МЧЖда жами 789 нафар фуқародан суртмалар олинган. Таҳлил натижаларига кўра, мазкур савдо мажмуасидаги озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлиб ишловчи фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Айни пайтда ушбу бемор билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар ўрнатилган тартибда қатъий карантин кузатувига олинди", дейди Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Малика Қудратхўжаева.
Шунга кўра, “Ўрикзор” савдо мажмуасида эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олиш, бозорда эпидемияга қарши ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш ҳамда таъмирлаш, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш ишларини ўтказиш мақсадида туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, бозор маъмурияти томонидан савдо мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Бозорда эпидемиологик суриштирув ишлари якунланиб, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилгач, мажмуа яна ўз фаолиятини давом эттиради.
"Кўриниб турибдики, айни кунларда аҳоли орасида ҳамон коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланмоқда. Ушбу ҳолатлардан аён бўлаяптики, ён атрофимизда коронавирусга чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу эса ҳар қандай вазиятда ҳам коронавирус юқтириб олишнинг эҳтимолий хавфидан хушёр бўлишимизни, эҳтиёт чораларини доимий кўришимизни талаб этади.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқимиздан, яна бир бор, баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушунмасдан карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, айниқса, ёшларни заруратсиз кўчага чиқмаслигини, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишларини, шунингдек, муборак Рамазон ҳайити байрамини уйда, оила даврасида байрамона кайфиятда нишонлашларини сўрайди. Бу ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун жуда муҳим", дейилади ССВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача 3078 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 13 нафари вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь