Урганч ва Навоийда одамлар тўпланиб қолишига сабаб бўлган авиакомпанияга санкция қўйилди

Жамият

image

Россиянинг “I Fly Airlines” авакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига риоя этишни таъминлаш мақсадида “Ўзавиация” агентлиги томонидан 2020 йилнинг октябрь ойида авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган “Ўзавиация” агентлигидан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.

“I Fly Airlines” авиакомпанияси ушбу огоҳлантиришга қарамай тегишли рухсатномаларни олмасдан қўпол равишда талабларни бузиб  2021 йил ноябрь ойида Москва – Урганч – Санкт-Петербург – Урганч – Москва, Навоий – Москва ҳамда Санкт-Петербург – Навоий – Санкт-Петербург йўналишларида чартер парвозлари учун авиачипталар сотувини ташкил этган. Натижада авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалларга келишган ва белгиланган йўналишда парвознинг бажарилмаслиги йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликка олиб келган”, дейилади вазирлик хабарида.

Шу муносабат билан “Ўзавиация” агентлиги томонидан “I Fly Airlines” авиакомпаниясига санкция тариқасида Ўзбекистонга чартер парвозларини амалга оширишни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Таъкидланишича, авиакомпаниялар томонидан бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда “Ўзавиация” агентлиги парвозларни амалга ошириш учун берилган экплуатация рухсатномаларни бекор қилади.

“Шу ўринда йўловчилар ва авиакассалар мутасаддиларидан авиачипталарни сотиб олиш ёки сотишдан олдин “Ўзавиация”  агентлиги веб-сайтининг бош саҳифасидаги “Ахборот жадвали” бўлимида (https://uzcaa.uz/uz) режалаштирилган чартер парвозларининг  ҳолати билан танишиб чиқишни тавсия этамиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекисонда бир ҳафта ичида уч марта йўловчилар йўқ рейслар учун чипта олиб, аэропортларда тўпланиб қолди. Жумладан, жорий йилнинг 3 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида, 5 ноябрда эса Урганч халқаро аэропортида, 8 ноябрь куни Навоий халқаро аэропортида йўқ рейсга чипта олган одамлар тўпланиб қолди. Шулардан Урганч ва Навоийда йўловчилар "I Fly" авиакомпанияси рейсига чипталар сотиб олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг