Уралдаги ҳарбий базада ракета учирилиш пайтида портлаб кетди – ОАВ
Олам
−
29 Ноябрь 5730 3 дақиқа
Кеча, 28 ноябрь куни Россия Қуролли кучларининг Стратегик ракета қўшинларига қарашли Ясний шаҳри яқинидаги базада ракета муваффақиятсиз учирилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, шаҳар аҳолиси ҳарбий объект ҳудудида кўтарилаётган ёрқин рангдаги қуюқ туман акс этган суратларни ижтимоий тармоқларда эълон қилган. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги шаҳар чатларида аҳоли нафас олишга қийналаётгани ва ўткир ҳиддан шикоят қилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Украинанинг Supernova+ лойиҳаси ракета учирилиши ва унинг ерга қулаши акс этган видеони эълон қилди. ОАВ маълумотларига кўра, ҳодиса “Домбаровский” посёлкасида содир бўлган, у ерда "Ясный" ҳарбий космодроми жойлашган.
Ясний шаҳар ҳокимияти содир бўлган воқеа бўйича ҳеч қандай шарҳ бермаган. Шу билан бирга, полигонда содир бўлган портлаш ва ёнғин ҳақидаги хабарлар NASA’нинг FIRMS ёнғинлар мониторинги сервисидаги маълумотлар билан ҳам тасдиқланади.
“The Insider” нашри таъкидлашича, Оренбургдан тахминан 500 км ва Орскдан 50 км масофада жойлашган "Ясный" космодроми 2023 йилда стратегик ядровий ракеталар комплекси "Авангард"ни учириш имкониятини таъминлаш учун қайта қурила бошланган. Россия президенти Владимир Путин ушбу комплексни илк бор 2018 йилда тақдим этган ва ўша пайтда янги ракета атмосферанинг қаттиқ қатламларида манёвр қила олиши, қитъалараро масофада парвоз қилиши ва амалда уни уриб тушириб бўлмаслиги ҳақида айтган.
НАТОда кейинчалик бу тизим Россия ва АҚШ ўртасидаги стратегик қуроллар бўйича кучлар мувозанатига таъсир қилмаслиги қайд этилди.
"Бизда Россия учун четлаб ўтиш имконсиз бўлган ракетага қарши мудофаа тизими йўқ. Улар буни ҳозир ҳам етарлича самарали қила олади", деб таъкидладган DW суҳбатдоши.
"Авангард" синовлари ва Путин томонидан келтирилган техник кўрсаткичлар Вашингтон томонидан қаттиқ танқидга сабаб бўлган омиллардан бири бўлди – АҚШ бундай ракета яратилишини 1987 йилда КПСС бош котиби Михаил Горбачёв ва АҚШ президенти Рональд Рейган имзо чеккан Ўрта ва кичик масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномани бузиш, деб ҳисоблайди. 2019 йилда АҚШ президенти (ўшанда биринчи муддатда эди) Россия ҳаракатларига, жумладан, 9M729 қанотли ракеталарини яширинча ишлаб чиқишга жавобан шартномадан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. Кейинчалик Россия ушбу ракеталардан Украинага қарши ўзининг ҳозиргача давом этаётган тўлиқ масштабли ҳужуми доирасида фойдаланди.
Шу билан бирга, Яснийда айнан "Авангард" комплекси ракетасининг учирилиши муваффақиятсиз якунлангани ҳақида ҳеч қандай тасдиқ йўқ. Ракеталар учирилишини таҳлил қилувчи мутахассис Георгий Тришкин “The Insider” нашрига айтишича, видеода R-36M2 "Воевода" ракета учирилишидаги муваффақиятсизлик акс этган бўлиши мумкин. Унга кўра, бу портлаш пайтида кўринган қўнғир бинафша рангдаги туман билан изоҳланиши мумкин. Таҳлилчи шуларни ҳам қўшимча қилдики, бундай тутун жуда заҳарли.
MilitaryRussia лойиҳаси ёзишича, шахтали учириш қурилмасидан фойдаланиладиган ушбу космодромдан 15A28 "Сармат" қитъалараро баллистик ракетаси ҳам учирилиши мумкин. ОАВда аввалроқ ёзилишича, бундай ракета 2024 йилда Архангельск вилоятидаги "Плесецк" космодромида муваффақиятсиз учириш вақтида шахтада портлаб кетган. Қатор таҳлилчилар фикрича, айнан Плесецкдаги ушбу ҳодисадан сўнг "Сармат" синовлари "Домбаровский"га кўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ракетасини учирган Қозоғистондаги космодромга зарар етганди.
Live
Барчаси