Россия ракетасини учирган Қозоғистондаги космодромга зарар етди

Олам

image

Аввалроқ, Россиянинг “Союз МС-28” космик кемаси Қозоғистондаги Байқўнғир космодромидан Халқаро космик станция (ХКС)га учирилгани хабар қилинганди. Ракета учирилиши вақтида инсон бошқарувидаги парвозлар учун мўлжалланган ягона старт мажмуаси жиддий зарарланди. Бу ҳақда “Тhe Insider” хабар берди.

Қайд этилишича, парвоздан кейинги текширувда ракетанинг биринчи босқич двигателидан чиққан кучли газ оқими 31-майдончадаги 6-учириш мажмуасининг бир қисмини узиб кетгани аниқланган. Гап хизмат кўрсатиш кабинаси ҳақида бормоқда. Бу старт иншооти остида жойлашган ҳаракатланувчи техник конструкция бўлиб, ракетанинг орқа қисми билан боғлиқ ишлар – коммуникацияларни улаш, двигателларни ишга тушириш учун пиротехник мосламаларни ўрнатиш – айнан шу ерда амалга оширилади.

Кабинадаги иш майдончалари устунлар бўйлаб поршенлар ёрдамида кўтарилади ва туширилади. Учиришдан олдин эса у йиғилиб, рельслар орқали махсус жойга четлаштирилади. Ташқи томондан уни металл ҳимоя пардаси ёпади, бу парда тахминан 2000°C ҳароратдаги реактив чиқинди газ таъсирига учрайди.

Авария оқибатида экипаж аъзолари жароҳатланмаган, бироқ старт мажмуаси таъмирлашга муҳтож. Шунингдек, реактив оқим кабель-ёнилғи устунларидан бирини узиб кетган. Ҳозирда Россиянинг бошқа захира учириш майдончалари мавжуд эмас, қолганлари фақат юк ташувчи миссиялар учун мўлжалланган.

Мутахассисларнинг баҳолашича, старт майдончасини тиклаш ишлари икки йилгача чўзилиши мумкин. Бироқ “Роскосмос” шикастланишлар яқин вақт ичида бартараф этилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Орион космик кемаси АҚШнинг Флорида штатидаги Кеннеди номидаги космик марказда SLS (Space Launch System) супероғир ракетаси билан бирлаштирилиб, Artemis II миссияси учун тайёр ҳолга келтирилгани хабар қилинганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Ракета космик кема

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг