Умурзоқов БАА вице-президенти билан учрашиб, “EXPO 2020 DUBAI”га борди

Жамият

image

Дубай шаҳрида “EXPO 2020 DUBAI” Бутунжаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти ва Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашди.

Мулоқот чоғида БАА томони Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда эришаётган муваффақиятларга алоҳида урғу берган. БАА Бош вазири Ўзбекистоннинг “EXPO 2020 DUBAI” кўргазмасидаги миллий павильон билан иштирокига юқори баҳо берар экан, ушбу тадбирни халқаро майдонда Ўзбекистон имиджини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам сифатида қайд этган.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда ишга солинмаган салмоқли салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик кун тартибини бойитиш учун бор имкониятларини ишга солишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштириш, қўшма инвестиция портфелини кенгайтириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишилди.

Икки томонлама ҳамкорлик кун тартибида томонлар БАА ҳукумат ишлари вазирлиги кўмагида давлат бошқарувини такомиллаштириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидладилар. “Ёш лидерлар дастури”нинг ишга туширилиши ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги янги қадам сифатида юқори баҳоланди”, дейилади Умурзоқовнинг Ахборот хизмати тарқатган хабарда.

Қайд этилишича, учрашувда икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли шерикликни янада изчил мустаҳкамлашга содиқлиги билдирилган ва биргаликда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинган. 

Учрашувда БАА томони учун Ўзбекистон экспозицияси бўйлаб тур ташкил этилган, унда Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси мультимедиа шаклида тақдим қилинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

БАА Сардор Умурзоқов

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг