73 нафар рецидивист маҳкумнинг жазоси енгиллаштирилди

Жамият

image

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги жазони ижро этиш колониясига жойлаштирилган 73 нафар маҳкумнинг жазоси енгиллаштирилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, жазони ижро этиш колонияси маъмурияти қамоқ жазосини ўтаётган 73 нафар маҳкумга нисбатан сақлаш шароитини ўзгартириш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман судига тақдимнома киритган. Шундан сўнг, жорий йилнинг 30 апрель куни ушбу колонияда карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда суд йиғилиши ўтказилган.

"Жорий йилнинг 30 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди раиси томонидан колония томонидан тақдим этилган тақдимномага асосан жами 73 нафар маҳкумларни сақлаш шароитини ўзгартириш ва 2 нафар маҳкумга нисбатан маъмурий назорат масаласи кўриб чиқилди. Суд қарорига кура, 73 нафар маҳкумлар махсус тартибли колониядан қаттиқ тартибли колонияга ўтказилди. Шунингдек, 2 нафар маҳкумларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Жиноят кодексининг 34 моддаси 3 қисмига асосан суд томонидан ута хавфли рецидивист деб топилган маҳкумлар ЖК 50 модда 7 қисми "г" банди ва Жиноят-ижроия кодексининг 49 моддасига асосан махсус тартибли колонияда жазо ўтайдилар" дейилади хабарда.

Шуни таъкидлаш жоиз, 17-сон жазони ижро этиш колониясида ўта хавфли рецидивист маҳкумлар сақланмоқда. Колонияда умрбод маҳкумлар жазо ўтамаётгани ва сақланмаётгани ҳақида маълум қилинган.

Маълумот учун, махсус тартибли колонияларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси асосида қуйидаги тартиб жорий этилган:

Маҳкумлар йил мобайнида:

•    тўрт марта қисқа муддатли ва тўрт марта узоқ муддатли учрашув;

•    олти марта телефон орқали сўзлашув;

•    олтита посилка ёки йўқлов;

•    олтита бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Қаттиқ тартибли колонияларда эса тартиб қуйидагича:

Маҳкумлар йил мобайнида:

•    беш марта қисқа муддатли ва беш марта узоқ муддатли учрашув;

•    саккиз марта телефон орқали сўзлашув;

•    саккизта посилка ёки йўқлов;

•    саккизта бандерол олиш ҳуқуқига эга.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Суд

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг