Умрага пандемиядан олдин тўлов қилганлар қўшимча пул тўлайди

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати билан “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома тузганлари ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекисстон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, шундан сўнг, ҳудудларда пандемиядан олдин навбатда турган фуқаролар рўйхатларини шакллантириш, авиақатнов жадвалларини ишлаб чиқиш, қўшимча тўловларни амалга ошириш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилган.

Идора айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ОАВ вакиллари ва мўмин-мусулмонлардан Умра зиёрати бўйича жуда кўп саволлар бўлаётгани учун уларнинг айримларига жавоб берди.

Умра сафари қачондан бошланади?

– Аллоҳ насиб этса, 2022 йил 22 январь куни биринчи рейсни Саудия Арабистонигa учиришга тайёргарлик кўрилмоқда. Шундан сўнг 25, 28 январь кунлари ҳам навбатдаги рейслар амалга оширилади. Келгусида муборак сафарга рейслар сезиларли даражада ошириб борилади, инша Аллоҳ.

Бошланаётган Умра сафарига қачон рўйхатга ёзилган фуқаролар жўнатилади?

– Жорий Умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар Умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади.

Умра тўлови қанча этиб белгиланди?

Қайд этганимиздек, пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлайдилар. Ушбу қўшимча тўловни белгилашда, меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларини таъминлаш, 15 фоиз Саудия ҚҚС солиғи каби сарф-харажатлар ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларида энг замонавий меҳмонхоналар зиёратчиларга хизмат қилади.

Мазкур тўловларни амалга оширишда зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида, “Алоқабанк” АТнинг барча филиалларида ҳар куни, ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам қабул қилинади.

Зиёратчилар учун қайси вакцина билан эмланиш талаб этилади?

– Умра сафарига борувчи фуқаро COVID-19 га қарши “Astra-Zeneca”, “Moderna”, “Pfizer” ёки “Johnson & Johnson” вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим. Талаб қилинган вакциналарни эмас, балки “Спутник V” ва Ўзбекистон-Хитой каби вакциналар билан тўлиқ эмланган фуқаролар юқорида саналган вакциналардан бири билан 1 марта эмланиши кифоя қилади.

Саудия Арабистонида қандай карантин талаблари ўрнатилган?

– Саудия Арабистони ҳудудига Умра зиёрати учун кираётган хорижлик фуқаро талаб этилган вакциналар билан эмланган бўлиб, бу тўғридаги сертификатга ва 48 соатлик ПЗР тестига эга бўлиши, зиёратчи ўзи билан 30 та тиббий ниқоб олиши (ҳар 4 соатда алмаштириш учун) ва Саудия Арабистонида доимий тиббий ниқобда юриши ва оралиқ масофага риоя қилиши белгиланган. Таъкидлаш керакки, тиббий ниқоб тақмаганлик учун 300 АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланган. Зиёратчилар Умра сафари якунида Ватанга қайтишдан аввал ўз ҳисобларидан Макка шаҳридаги меҳмонхонада ПЗР тест топширишлари керак бўлади.

Умра сафари учун янги навбатлар қаерда ёзилади?

– 18 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон фуқароси умра сафарига бориш учун ўзи рўйхатда турган маҳалла фуқаролар йиғинига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан чиқиб, умра сафари учун очилган махсус дафтарга рўйхатга ёзилади ва шу ҳақдаги маълумотномани олади. Ушбу дафтар бўйича навбати келган фуқарони МФЙ туман-шаҳарга тавсия беради. Сўнг ҳудуддаги поликлиникада тиббий кўрикдан ўтади. Натижалар яхши чиқса, умра учун белгиланган тўлов суммасини тўлайди. Шунингдек, хорижга чиқиш паспорти, тиббий кўрикдан ўтгани, вакцина олгани тўғрисидаги маълумот ва сертификат ва тўлов қоғозининг нусхасини тақдим қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Умра

Баҳолаганлар

215

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг