Умрага кетган биринчи гуруҳ Ўзбекистонга қайтиб келди

Жамият 2571
image

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Умра сафарига жўнаб кетган зиёратчиларнинг 230 кишидан иборат илк гуруҳи Ўзбекистонга қайтиб келди. Бу ҳақда Дин ишлар бўйича қўмита хабар бермоқда. 

Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйлаб Саудия Арабистонига Умра ибодатини адо этиш учун жўнаб кетган зиёратчилар бугун Тошкентга соғ-омон етиб келдилар.

Улар учун Мадина ва Макка шаҳарларида барча қулай шарт-шароитлар яратилди. Уларга Мадина шаҳрида Масжиди Набавийга яқин жойда жойлашган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” меҳмонхонаси ва Макка шаҳрида эса “Ҳарам масжиди”дан 600-700 метр узоқликда жойлашган “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари хизмат кўрсатди. Бу эса ўзбекистонлик зиёратчиларга беш вақт намозларини Ҳарами шарифда адо этиш имкониятини яратган. Шунингдек, ҳар икки меҳмонхоналарда зиёратчилар учун ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар, турли ичимликлар ва ширинликлар мунтазам равишда тортиқ қилинди.

Меҳмонхоналарда зарур дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари 24 соат давомида зиёратчиларимиз соғлиқларини назорат қилиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам бериш мақсадида фаолият кўрсатди.

Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 3.1
t
×
×