Умрадан қайтган ўзбекистонлик коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди
Жамият
−
25 Март 2020
23649Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 55 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 55 нафар беморнинг ҳаммаси ҳам пойтахт Тошкентдан эмаслигини очиқлаб, вилоятлар кесимига оид маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, айни пайтда Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган беморлар орасида пойтахтдан ташқари, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан бўлган фуқаролар ҳам бор.
Шунингдек, беморларнинг 2 нафари Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Улардан бири Саудия Арабистонида Умра сафарида бўлиб қайтгач, унда коронавирус инфекцияси аниқланган.
Барча беморлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стандартлар асосида даволанмоқда.
Эслатиб ўтамиз, дунёдаги қалтис эпидемик вазият туфайли мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида давлат томонидан қатор қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Фурсатдан фойдаланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларимиздан карантин қоидаларига, жумладан, имкон қадар уйдан чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, шахсий гигиена каби қоидаларга қатъий амал қилишларини сўраб қолади. Дунё тажрибасига кўра, коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг самарали йўл, айнан, карантин қоидаларига сўзсиз риоя этишдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 55 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси