Уммонда эри томонидан тутқунликда сақланган аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Жамият

image

Уммонда хорижлик фуқаро билан шаръий никоҳ асосида яшаган ва уйда тутқунликда сақланган Ўзбекистон фуқароси ҳамда унинг фарзандлари мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.   

Маълум қилинишича, Уммонда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқаро И.С. Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган ҳамда икки нафар вояга етмаган фарзанди билан мамлакатга қайтишида ёрдам сўраган.

Мурожаатда қайд этилишича, у 2019 йилдан буён Уммоннинг Аль-Бурайми шаҳрида асли келиб чиқиши эронлик бўлган, лекин ҳеч бир давлат фуқаролигига эга бўлмаган Али исмли шахс билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келган. И.С. шаръий эридан 2020 йилда ва 2022 йилда фарзандларни дунёга келтирган. Оила бошлиғининг ҳеч қандай ҳужжатга эга эмаслиги ва қонуний никоҳ шартномасининг йўқлиги сабабли болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш ҳам йиллар давомида ортга сурилиб келган.

Шунингдек, оиладаги келишмовчилик, ноқонуний эрнинг фарзандларга нисбатан тез-тез куч ишлатиш ҳолатлари ва уларни Аль-Бурайми шаҳридаги хонадонда тутқунликда сақлаш ҳолатлари аёлнинг Ўзбекистон элчихонасига ёрдам сўраб, ариза ёзишга ундаган. 

Аризада қайд этилган ҳолатлар батафсил ўрганилганидан сўнг, жорий йилнинг 19 май куни элчихона ходимлари Аль-Бурайми шаҳридаги И.С. ушлаб турилган хонадонга ташриф буюрган. Дипломатлар кўмагида она ва унинг икки нафар вояга етмаган боласи Маскат шаҳрига олиб борилган ҳамда вақтинча яшаш учун жой билан таъминланган.

Шундан сўнг, элчихона консуллик бўлими томонидан Уммон тегишли давлат идораларига мурожаатлар қилиниб, И.С.нинг вояга етмаган фарзандларига туғилганлик ҳақидаги ва мамлакатга қайтиш учун гувоҳномалар расмийлаштирилган. 

Мазкур оила 18 июнь куни Маскат шаҳридаги халқаро аэропортдан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюросининг кузатуви остида халқаро қидирувда бўлган икки нафар аёл Уммоннинг Маскат шаҳридан Тошкентга олиб келинганди. Иккала аёл ҳам фирибгарлик ва одам савдоси билан айбланиб, қидирувда бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Уммон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг