Умид Аҳмаджонов ОЕАА президентини қабул қилди

Спорт 1201
image

Аввал хабар берганимиздек, 24 март куни Тошкентда енгил атлетика оиласига мансуб ярим марафон бўлиб ўтди. Биринчи бор ташкил қилинган бўлса-да, ушбу йирик спорт тадбирида 28 мамлакатдан 1700 га яқин атлетлар ўз омадини синаб кўрди.

Ўзбек енгил атлетикачилари Осиёда ўз ўрнига эга бўлган спортчилардир. Сўнгги Олимпиадада ҳам Ўзбекистон делегацияси айнан енгил атлетика йўналишида энг кўп лицензия қўлга киритган эди. Мамлакатда ушбу спорт турини янада ривожлантириш ва халқаро ташкилот билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш юзасидан Ўзбекистон МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов кеча, 24 март куни Осиё енгил атлетика ассоциацияси (ОЕАА) президенти Дахлан Ал-Ҳамадни қабул қилди. Бу ҳақида МОҚ Матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Музокара давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда енгил атлетика спортини янада ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг ОЕАА президенти Дахлан Ал-Ҳамад Тошкентда ўтказилган марафон ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтди.

“Аввало, Ўзбекистонни ислом ва спорт мамлакати деб биламан. Шу боис ҳам юртингизга ташриф мен учун фахр. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган марафонни кузатиб, ундаги илиқликни, иштирокчилардаги спортга бўлган меҳрни кўриб қувондим. Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар Осиёда ўз ўрни ва мавқейига эга. Айниқса, Андрей Абдувалиевни яхши биламан. Унинг тажрибаси ҳақиқатда ҳам улкан. Умид қиламанки, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар бу йил бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ва Токио Олимпиадасида муносиб иштирок эта олади”, деди Дахлан Ал-Ҳамад.

Шунингдек, Умид Аҳмаджонов мартабали меҳмонга Ўзбекистон енгил атлетиканинг турли мусобақалари, семинарлари ва Конгрессларини юқори савияда ўтказишга тайёр эканлигини таъкидлаб, жорий йилнинг сентябрь ойида ўтадиган дунё биринчилигидан сўнг Самарқанд ва Бухорода халқаро семинарга мезбонлик қилиш таклифини илгари сурди.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×