Отамдан қолган тошойна ёхуд Ўзбекистонни ЖЧга олиб чиқолмаётган ким ёки нима?

Спорт 17771
image

Саудия Арабистонида ўтказилган Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг якуни кутилмаган, аслида эса, кутилган натижа билан тугади. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси мезбонларга йирик 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Жаҳон чемпионати уёқда турсин, якуний босқичга чиқиш вазифаси ҳам уддаланмади. Гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон энг асосий рақобатчи ва фаворит Саудиядан 5 очкога ортда қолиб кетди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бош мураббий Вадим Абрамов, эҳтимол, сўнгги бор ўз фикрларини билдирди:

“Бугун рақиб биздан кучли эди. Саудия Арабистонини ғалаба ва кейинги босқичга чиққани билан табриклайман. Ўзбекистондаги кўплаб футбол мухлислари биздан ғалаба кутишганди, бироқ афсуски, мағлубиятга учрадик. Уларнинг ишончини оқлай олмаганимиз учун узр сўраймиз.

Футболчиларни психологик тушкунлик ҳолатидан чиқара олмаганим менинг айбим. Бошидан нима учун бунчалик бўшашганимизни тушунтириб беришим қийин. Биз рақибнинг қарши ҳужумлари хавфли эканини билардик. Биринчи таймда рақиб қарши ҳужумга ўтиб кетмаслигига ҳаракат қилдик, афсуски, ўйинга берилиб кетдик ва хатога йўл қўйдик. Кейин эса кутилмаганда иккинчи голни қабул қилиб олдик. Мени кўпроқ гол ура олмаганимиз ҳайрон қолдирди”, дейди Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг омадли ва энг омадсиз мураббий Вадим Абрамов.

Нима учун омадли мураббий?

Вадим Абрамов 2011 йилги Осиё кубогида терма жамоанинг бош мураббийи эди. Ўшанда ҳужумкор ва тактик футболнинг ўзбекча варианти эвазига ўртоқлик учрашувларида муваффаққиятсизликка учраган мутахассис, расмий ўйинларда натижа учун ўйнай олишини исботлаган эди. Мусобақа якунида Ўзбекистон терма жамоаси 4-ўринни қўлга киритган. Ҳа, ушбу натижа миллий жамоа эришган энг яхшиси.

Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг биринчи турида Тошкентда Эрон терма жамоаси меҳмон бўлди. Япониялик рефери Юичи Нишимура Одил Аҳмедовнинг юз фоизлик голини ҳисобга олмади. Ўшанда тўп дарвоза чизиғини тўлиқ кесиб ўтганди. Сўнгги дақиқаларда форслар қарши ҳужумни голга айлантириб, ғалабани илиб кетган эди. Шундан сўнг Абрамов ишдан олинган, унинг ўрнини эса, Миржалол Қосимов эгаллаганди. Футбол мухлислари ҳалигача ўша жамоани соғинади.

Нима учун омадсиз мураббий?

Аргентиналик Эктор Купер бошчилигидаги жамоа камтарона Фаластиндан жавобсиз иккита гол қабул қилиб олди. У истеъфога чиқарилди ва ўрнига Вадим Абрамов яна терма жамоа мураббийлигига қайтарилди. Ниҳоят, соғинилган ўйин услуби ва натижалар қайтиб келади, дея кутганларнинг ҳафсаласи пир бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш беллашувларида доимо сўнгги  босқичга қадар етиб борган ва ҳар гал мундиалга чиқиш вазифаси бажарилмаган:

ЖЧ-1998 саралаш босқичи

Дастлабки босқич: “Е” гуруҳида Яман, Индонезия ва Камбоджа ортда қолдирилган; Иккинчи босқич: “Б” гуруҳида Жанубий Корея, Япония ва БААдан сўнг 4-ўрин.

ЖЧ-2002 саралаш босқичи (Корея ва Япония иштирок этмаган)

Биринчи босқич: “Г” гуруҳида Туркманистон, Иордания ва Хитой Тайпейи ортда қолдирилган;
Иккинчи босқич: “Б” гуруҳида Хитой ва БААдан сўнг 3-ўрин.

ЖЧ-2006 саралаш босқичи

Иккинчи босқич: “Б” гуруҳида Ироқ, Фаластин ва Хитой Тайпейи ортда қолдирилган; Учинчи босқич: “А” гуруҳида Саудия ва Жанубий Кореядан сўнг 3-ўрин ва ўтиш ўйинида икки ўйин натижасига кўра Баҳрайн кейинги босқичга йўл олган.

ЖЧ-2010 саралаш босқичи

Учинчи босқич: Саудия билан бир хил очко жамғарган Ўзбекистон тўплар нисбатига кўра биринчи ўринни эгаллаган. Саудия ҳам гуруҳдан кейинги босқичга йўл олган;
Тўртинчи босқич: Автралия, Япония, Баҳрайн ва Қатардан сўнг охирги ўрин:

ЖЧ-2014 саралаш босқичи

Учинчи босқич: “С” гуруҳида Япония, КХДР ва Тожикистон ортда қолдирилган. Япония ҳам гуруҳдан чиққан;
Тўртинчи босқич: “А” гуруҳида Эрон ва Кореядан кейин 3 ўринни эгаллаган Ўзбекистон ўтиш ўйинида иштирок этган. Иордания билан ҳар икки ўйинда ғолиб номи аниқланмаган ва пенальтилар сериясида 9:8 ҳисобида Иордания ғалаба қозонган.

ЖЧ-2018 саралаш босқичи

Иккинчи босқич: КХДР, Филиппин, Баҳрайн ва Яман ортда қолдирилган;
Якуний босқич: Эрон, Жанубий Корея ва Суриядан сўнг 4 ўрин. Яна Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси уддаланмаган.

ЖЧ-2022 саралаш босқичи

Бу сафар эса, иккинчи босқичдаёқ имконият қўлдан чиқарилди. Бу Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Мени футболни тушунмасликда айблашингиз мумкин, лекин Жаҳон чемпионати ўзбек футболи учун муносиб мусобақа эмас.

Яна бир жиҳат

Жаҳон чемпионати ва Осиё кубогига саралаш босқичи бирлаштириб юборилганидан хабарингиз бор. 8 та гуруҳда биринчи ҳамда энг яхши 5 та иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар 2023 йилги Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди. Қолган 11 жамоа номи саралаш ўйинлари орқали аниқланади. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам саралаш ўйинлари орқали Осиё чемпионати йўлланмаси учун курашади.

Тўхтовсиз ўзгаришлар жаҳон чемпионати учунми ёки...

1992-94 йиллар мобайнида Эльмар Аминов, 1995-2005 йиллар давомида Зокиржон Алматов Ўзбекистон футбол федерациясини бошқарди. Аминов раҳбарлиги даврида Ўзбекистон Осиё ўйинларида ғолиб бўлди.

Замонавий ўзбек футболининг ривожланиши 2006 йилга тўғри келади. Ўша вақтда Мираброр Усмонов Ўзбекистон футбол федерацияси президенти лавозимига тайинланган эди. Натижалар яхшилана бошлади. Ҳар бир ёш тоифасида жамоалар шакллантириб борилди. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамолари Осиё чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлди. Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб борди. Лекин жамоа таркибидаги футболчиларнинг аксарияти миллий терма жамоага қадар бўлган йўлда йўқолиб қолди. Яъни ёшлар футболи ва миллий жамоани боғловчи кўприк умуман ишламади.

2017 йил сентябрь ойида ўша вақтдаги Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов федерация президентлигига тайинланди. 2018 йилнинг январида эса, ЎФФ ташкилоти ЎФА деб ўзгартирилди ва Очилбой Раматов раҳбарлик лавозимини эгаллади. Аҳмаджонов биринчи ўринбосар сифатида иш олиб борди. Шу йилларда футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигаси Суперлига деб номлана бошлади ва формати ўзгартирилди, жамоалар сони қисқарди. Спортга бўлган эътибор кўп томонлама ўсди. Футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортди, қисқа қилиб айтганда тизим чиройли тарзда йўлга қўйила бошлаганди. Бироқ раҳбарият миллий терма жамоанинг муваффақиятсизликларида Аҳмаджоновни айблаб, уни истеъфога чиқарган эди.

2019 йил июль ойидан ДХХ раиси Абдусалом Азизов ЎФА президенти лавозимига тайинланди. Равшан Эрматов эса вице-президент сифатида фаолиятини бошлади. Айни пайтда амалдаги ЎФА раҳбарияти ўзгармаган.

Натижага эришиш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистон терма жамоасининг энг яхши даврлари сифатида Вадим Абрамов бошқарган ва 2011 йилги Осиё чемпионатида порлаган терма жамоани айтиш мумкин. Замонавий футболда тактик мураббийларга бўлган талаб тобора ошиб бормоқда.

Ўзбек футболида фаолият юритган Эктор Куперга умид боғланганди, бироқ унинг тушуниш қийин бўлган услуби билан Осиё чемпионатининг нимчорак финалида Австралияга имконият бой берилди. Ҳеч ким унга охиригача ишонишни хоҳламади. Ваҳоланки, у Аҳмаджонов даврида олиб келинган эди ва иккисининг қисмати ҳам бирдай якун топди. Балки уларга охиригача имкон берилганида, ҳозиргидек аҳволда бўлмасмидик...

Айнан ЖЧ саралашининг иккинчи босқичи дастлабки тур учрашувида Фаластиндан учралган мағлубиятдан сўнг, Купер жаноблари муддатидан аввал истеъфога чиқарилди. Ўша мағлубиятнинг аҳамияти катта бўлди.

Ўзбекистон терма жамоасини хорижлик мураббийлар бошқара олмайди, деган фикрлар кўп янграйди. Йўқ, тактик футболга урғу берадиган испан ёки немис мураббийлари ўзбек футболи учун нимадир қолдириб кета олади. Ёки кучли характерга эга бўлган мутахассислар керак. Тўғри моддий жиҳатдан уларнинг маоши масаласи қийинчилик туғдириши мумкин, бироқ натижага эришмай туриб, истеъфога чиқариб юбориладиган мутахассисдан кўра, тизим яратиб бера оладигани қадрлироқ. Ҳозирча Шарқий Осиё мамлакатлари каби академияларга эътибор қаратиш эвазига, чемпионат ва миллий терма жамоани кучайтиришнинг иложи топилмади.

Ғарбий Осиё ва Хитой каби миллионларни сарфлаб, Европадан футболчилар жалб қилиш орқали ривожлантириш учун маблағ етарли эмас, чунки хусусий клублар деярли йўқ. Борларини ҳам иқтисодий жиҳатдан барқарор, деб бўлмайди. Шунинг учун услуб ярата оладиган хорижлик мураббий ўзбек футболига жуда керак. Ҳа, Абрамов ўз қарашларига эга мураббий. Лекин бир услубга йиллар давомида боғланиб қолиш, ўзгариш ва янгиликларни тан олмасликдир.

Раҳбарият ва шиорлар ўзгарди. Ўзбек хонадонларида эса, отамерос тошойналар аллақачон синдирилди, аммо миллий терма жамоа ўша-ўша.

Янгиланишларга муҳтож ўзбек футболини кимлар қутқаради?

Ҳумоюн Орипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 359
Рейтинг: 2.9
t
×