Умаров Жанубий Кореяни қурол етказиб беришга кўндира олмади
Олам
−
03 Декабрь
10800Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров Жанубий Кореяни Киевга қурол етказиб беришга кўндира олмади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Умаров ўтган ҳафта Сеулга ташрифи чоғида Жанубий Корея ҳукуматини ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундашга ҳаракат қилган, жумладан, Шимолий Корея армиясининг Россияга аскар юбораётгани ҳақидаги даъволарни такрорлаган. Бироқ Сеул ўз позициясини сақлаб қолиб, уруш зоналарига қурол экспорт қилишни тақиқловчи қонунларга риоя қилишини билдирган.
Манбаларга кўра, Жанубий Корея АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг иккинчи муддати билан боғлиқ геосиёсий ноаниқлик шароитида эҳтиёткорлик сиёсатини олиб бормоқда. Хусусан, Жанубий Корея ҳукумати Россия ва Украина ўртасидаги можарога чуқурроқ киришдан ўзини тийишга ҳаракат қилмоқда. Бунга жамоатчиликнинг қурол етказиб беришга қарши экани ва Президент Юн Сок Ёлнинг паст рейтинги ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ҳукумат вакилларининг хавотирига кўра, Киевга қурол етказиб бериш ҳақидаги қарор Дональд Трамп маъмурияти билан муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Чунки, Трамп аввалроқ можарони тезроқ ҳал қилишни қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилигидаги махсус делегацияси Жанубий Корея ҳукуматидан бепул қурол-аслаҳа етказиб беришни эмас, балки уни сотишни сўрагани хабар қилинган эди.