Украина Жанубий Кореядан қурол сўради
Олам
−
28 Ноябрь
3031Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилигидаги махсус делегацияси Жанубий Корея ҳукуматидан бепул қурол-аслаҳа етказиб беришни эмас, балки уни сотишни сўради. Бироқ Жанубий Корея ҳукумати бу таклифга катта қизиқиш билдирмади. Бу ҳақда SBS телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 27 ноябрь куни Умаров Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль ва Миллий мудофаа вазири Ким Ён Хён билан учрашган. Украиналиклар ушбу ташриф учун кун тартиби тайёрланаётган пайтда кореяликларга улардан қурол сотиб олиш ниятини билдирган.
Телеканал манбасига кўра, Украина “Чхонгун” зенит-ракета тизимлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радар тизимлари сотиб олишни истаган. Агар Сеул учун қуроллар етказиб бериш муаммо туғдирса, Украина 155 мм калибрли снарядлар учун отиш зарядларини сотишни сўраган.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг бир нечта мудофаа компаниялари Украина томонидан қизиқиш борлиги ҳақида маълумот олган. Бироқ мамлакат Мудофаа вазирлиги ушбу компанияларга украиналиклар билан мустақил равишда боғланмасликни тавсия қилган.
Телеканалга кўра, Жанубий Корея ҳукумати текширувлар натижасида қурол етказиб бериш уруш давом этаётган минтақада қонунбузарлик ҳисобланиши эҳтимолини эътиборга олган. Бундан ташқари, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Украинадаги можарони тезда тугатиш тарафдори бўлгани ҳам Сеулнинг бундай таклифларга эҳтиёткорлик билан ёндашишига сабаб бўлган. Шунингдек, Жанубий Кореяда экспорт қилиш учун “Чхонгун”, К2 танклари ва К9 ўзиюрар артиллерия тизимлари захиралари йўқлиги ҳам ушбу қарорга таъсир кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Сеулга ташриф буюрган Украина Мудофаа вазири Рустам Умаровни қабул қилиб, Россия ва КХДР ўртасидаги ҳамкорликка қарши кураш масалаларини муҳокама қилган эди.