Украинада жанг қилаётган қозоғистонликлар рўйхати эълон қилинди
Олам
−
02 Апрель
12634Украинада Россия томонида жанг қилаётган 660 дан ортиқ Қозоғистон фуқаросининг рўйхати эълон қилинди. Уларнинг исмлари Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси томонидан бошқариладиган “Хочу жит” (“Яшашни хоҳлайман"”) маркази томонидан очиқланган.
Маълумотларга кўра, 2022 йилдан бери Россия армияси сафида 661 нафар Қозоғистон фуқароси урушда қатнашган, улардан камида 78 нафари ҳалок бўлган. Ушбу маълумотлар Россия Қуролли кучлари қўмондонлигининг аноним вакилларидан олингани айтилмоқда.
“Таъкидлаш лозимки, ёлланма жангчилик Қозоғистон Республикасида жиноий жавобгарликка тортиладиган жиноят ҳисобланади. Россия армиясида омон қолганлар ватанига қайтган тақдирда 12 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этилиши ва мулки мусодара қилиниши мумкин”, дейилади марказ баёнотида.
Шунингдек, Қозоғистон фуқаролари ҳақидаги маълумотлар биринчилардан экани, бошқа давлат фуқароларининг ҳам рўйхати кейинчалик эълон қилиниши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда Россия томонидан иштирок этган Ўзбекистон фуқароси – Алишер Холиқов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўштепа туман судида Алишер Холиқов билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилган. Суд уни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) бўйича айбдор деб топган.
LiveБарчаси