Украинлар Херсонда россия қўшинларининг чекинишини нишонламоқда (видео)

Олам

image

Россия томонида шу йилнинг  февраль ойида босиб олинган Херсон вилоятида кеча, 11 ноябрь куни Украина қўшинлари маҳаллий аҳоли томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

Украина Президенти Владимир Зелениский 11 ноябрь санасини тарихий кун деб атаган.

“Бугун тарихий кун. Биз мамлакат жанубини қайтариб оляпмиз. Херсонни қайтариб оляпмиз. Ҳозирча бизнинг ҳимоячиларимиз шаҳар четида, биз шаҳарга киришга жуда яқинмиз. Бироқ, махсус бўлинмалар аллақачон шаҳар ичида", деган у одатий тунги мурожаатида.

Россия 30 минг аскаридан бирортасини йўқотмасдан Днепр дарёси орқали олиб чиқиб кетганини айтди. Аммо украиналиклар Россия чекиниш чоғида жиддий йўқотишларга учраганини айтмоқда. Рус қўшинлари кийим-кечакларини ва қуролларини ташлаб қочиб кетган. Қочишга уринганларнинг баъзилари Днепр дарёсига чўкиб кетган.

Бу чекиниш Россиянинг урушдаги учинчи йирик чекиниши бўлди. Украина қўшинларининг жанубнинг бир қисмини қайтариб олган йирик қарши ҳужумига руслар Херсонни жангсиз ташлаб қочиш орқали жавоб берди.

“Reuters” томонидан тасдиқланган видеотасвирларда ўнлаб одамлар Херсон шаҳрининг марказий майдонида ғалаба шиорларини айтиб, олқишлаётгани ва у ерга биринчи бўлиб етиб келган Украина қўшинлари оломон орасида селфига тушганини кўриш мумкин.

Тасвирларда икки киши аёл аскарни елкаларига кўтариб, ҳавога улоқтиришгани акс этган. Айрим аҳоли вакиллари Украина байроқларига ўралган. Бир киши хурсандчиликдан йиғлаган. Яна бир украин эса “Украинага шон-шараф! Қаҳрамонларга шон-шуҳрат! Миллатга шон-шараф!”, дея ҳайқирган.

Шунингдек, Украина Мудофаа разведка агентлиги Херсон Украина назоратига қайтарилаётганини маълум қилган ва қолган рус қўшинларига шаҳарга кириб келаётган Киев кучларига таслим бўлишни буюрган.

Зеленскийнинг айтишича, Херсон хавфсизлигини таъминлаш чоралари, хусусан, кўп сонли миналарни йўқ қилиш ишлари имкон қадар тезроқ бошланади.

Россиялик сиёсатчи ва Украина урушида ҳарбий маслаҳатлар бериб турган Димитрий Рогозин Днепр бўйлаб чиқиб кетиш оғриқли, аммо муҳим қарор бўлганини айтган. Унинг айтишича, Москва қайта куч тўплаб, яна ҳужумга ўтиши мумкин.

“Биз кучимизни тўплаганимизда, янги қуроллар келганда, қўшинга яхши тайёргарликдан ўтган сафарбар бўлинмалар келганда, кўнгиллилар келганда, йиғилиб, бу ерни қайтариб оламиз, деган умиддаман. Биз бу вазифани бажаришимиз керак”,  деган у РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зелениский Димитрий Рогозин

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг