Украинага кўп ер берилади – Трамп
Олам
−
19 Август 13804 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина тинчлик келишуви ортидан кўп ер олиши ҳақида айтди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари бугун, 19 август куни “Fox News” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Қайд этилишича, Украина “кўп ер” олади, аммо Трамп айнан қайси ҳудудлар назарда тутилаётганини очиқламаган. У қўшимча равишда Россияни кучли ва қудратли давлатлигини айтиб, ёқса-ёқмаса барибир у анча каттароқ мамлакат эканини таъкидлаган.
“Украина қутқарувчи камарга эга бўлади ва украиналиклар кўп ер олади! Лекин бу уруш. Россия – кучли давлат. Ёққан-ёқмаганидан қатъи назар у жуда қудратли, каттароқ давлат”, деган АҚШ Президенти.
Шу билан бирга, Америка етакчиси Киев учун Қримни қайтариб олиш ҳам, НАТОга аъзо бўлиш ҳам мумкин эмаслигини таъкидлаган ва “бу икки масала имконсиз” дея хулоса қилган.
Трамп, шунингдек, Украинани ҳар доим Россия ва Европа ўртасидаги буфер ҳудуд, деб ҳисоблаганини айтган. Унга кўра, Европа Иттифоқи раҳбарлари ҳам Киевнинг айрим ҳудудларни Россияга бериш заруриятини тушунмоқда ва қабул қилмоқда. Трампнинг қўшимча қилишича, ҳатто СССР давридаёқ Москва НАТО кучларини ўз чегаралари яқинида кўришни истамаган ва ўшанда ҳам у хақли бўлган.
“Ўйлайманки, сиз барчангиз харитани кўргансиз. Биласиз, катта ҳудуд босиб олинган. Ҳозир улар Донбасс ҳақида гапиряпти, лекин, Донбасснинг 79 фоизи Россияга тегишли ва Россия назоратида. Шундай экан, улар бу нимани англатишини тушуниб турибди”, дея қўшимча қилган Трамп.
Маълумки, Украина раҳбари Владимир Зеленский аввалдан конституция сабабли ер бериш ёки савдо қилиш мумкин эмаслигини айтиб, бу масала бўйича фақат Россия Президенти Владимир Путин билан музокара қилишини маълум қилган. 16 август куни Аляскада АҚШ ва Россия ўртасида ўтган музокаралардан кейин Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Россия беш ҳудуд бўйича ён берганини айтган, бироқ аниқ қайси ҳудудлар экани очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио кеча, 18 август куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путин Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашишга тайёрлигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Россия ва Украина раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.