Украинадаги кескинлик туфайли Японияда нефть нархи ошиб кетди
Олам
−
14 Февраль 2022
6865Японияда бугун, 14 февраль куни нефть нархи Украина атрофида кескинлик кучайиши фонида 2014 йил октябрь ойи охиридан бери энг юқори даражага кўтарилди. Токио товар биржасидаги савдо маълумотларига кўра, у бир килолитр учун 63 минг иена (деярли 546 доллар) га яқинлашган.
Нархларнинг ошиши агар АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Москвага нисбатан қаттиқ иқтисодий санкциялар жорий қилса, Россиядан нефть экспорти қисқариши мумкин бўлган қўрқув билан боғлиқ.
Нефть нархининг ошиши аллақачон Японияда бензин ва дизель ёқилғиси нархининг тез ўсишига олиб келган. Шу муносабат билан мамлакат ҳукумати улгуржи сотувчилар учун дотациялар тизимини жорий этишга мажбур бўлиб, уларни нархларни оширишни чеклашга ундаган.
Шунингдек, Европада газ нархи бугун, 14 февраль куни савдолар очилишида Украина атрофида кучайиб бораётган таранглик фонида январь ойи охиридан бери биринчи марта 1000 куб метр учун 1000 доллардан ошган. Газ нархининг умумий ўсиши тахминан 13,7 фоизни ташкил қилади.
Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь