Украинада вазир комедик сериал ортидан ишдан кетди
Олам
−
21 Июль 2023
6284Украина Маданият вазири Александр Ткаченко истеъфога чиқди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Ткаченконинг ўзи лавозимини тарк этиш учун ариза берган. Бундан аввалроқ эса Владимир Зеленский Бош вазир Денис Шмигалга Маданият ва ахборот вазирини алмаштириш масаласини кўриб чиқишни топширган.
"Уруш даврида маданиятнинг аҳамияти тўғрисида англашилмовчиликлар тўлқини бўлгани учун бугун кечқурун Бош вазирга истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризамни топширдим. Фақат кейинроқ Президентнинг худди шу масаладаги баёнотидан ҳайратда қолдим... Маданият учун шахсий ва давлат маблағларини сарфлаш уруш даврида дронлардан кам аҳамиятга эга эмас. Чунки маданият бизнинг ўзлигимиз ва чегараларимиз қалқонидир", деб ёзган Александр Ткаченко.
Маълумот учун, вазирнинг истеъфосига бир неча кун аввал содир бўлган можаро сабаб бўлди. Гап шундаки, Ткаченко Украинада ҳудудий мудофаага қўшилган дастурчилар ҳақидаги “СМТ Ингулец” номли комедик сериални суратга олиш учун 33,6 миллион гривна (900 минг доллар) ажратишни истаган. Сериални суратга олиш харажатлари кўрсатилган тендер Украина давлат харидлари порталига жойлаштирилган. Тендерда эса Россияда фаолият юритувчи компаниялар ғолиб чиққан. Шу тариқа Маданият ва ахборот вазири Россия бозори учун ишлаганликда айбланди.
Украина Олий Радаси депутати Ирина Грашченко ўзининг Facebook саҳифасида ёзишича, Ткаченко рус тилидаги DOM ва Freedom каналлари учун юзлаб миллион гривналарни “кесиш”да, шунингдек, россияпараст ишлаб чиқаришни молиялаштиришда иштирок этган.
Таъкидлаш жоизки, Ткаченкони истеъфога чиқариш масаласи жорий йилнинг июнь ойи бошида ҳам кўриб чиқилган эди. Ўшанда у “Украинада вафот этган барча қаҳрамонларнинг хотирасини таҳқирлаш” ва “жонини фидо қилган жагчиларга нисбатан ҳаддан ташқари эътиборсизлик қилиш”да айбланган. Вазирни бўшатиш бўйича петиция эса 25 минг овоз тўплаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ткаченко Европадаги энг баланд ҳайкал бўлмиш “Ватан монументи”дан СССР гербини олиб ташлаш ва ўрнига Украина давлат рамзи – тридентни ўрнатиш бўйича ташаббусни ҳам илгари сурганди.
LiveБарчаси