Европадаги энг баланд ҳайкалдан СССР герби олиб ташланади (видео)

Олам

image

Украинанинг Киев шаҳрида жойлашган “Родина-мать” (“Ватан” монументи) ҳайкалининг қалқонидаги СССР герби олиб ташланиб, ўрнига Украина герби ўрнатилади. Бу ҳақда Украина Маданият ва ахборот сиёсати вазири Александр Ткаченко маълум қилди.

Қайд этилишича, эртага, 13 июль куни Киевдаги Иккинчи жаҳон уруши тарихи музейида ушбу лойиҳани амалга оширишга бағишланган брифинг бўлиб ўтади.

“Буни узоқ кутган эдик. Биз катта ишни амалга оширдик ва эртага ажойиб янгилик ва тафсилотларни баҳам кўришга тайёрмиз”, дейди Ткаченко.

Маълумот учун, “Ватан” ёдгорлиги Иккинчи жаҳон уруши давридаги Украина тарихи миллий музейи ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг очилиш маросими 1981 йилнинг 9 май санасида ўтказилган. СССРнинг ўша пайтдаги раҳбари Леонид Брежневнинг шахсан ўзи монументни очиб берган. Шундан сўнг Брежневга шаҳарнинг фахрий фуқароси унвони берилган. 102 метрли ҳайкал зангламайдиган пўлатдан ясалган бўлиб, унинг оғирлиги тахминан 25-30 тоннани ташкил қилади. Ҳайкал баландлиги бўйича Европада тенгсиз ҳисобланади. Эндиликда унинг қалқонидаги СССР герби Украина давлат рамзи – Тридентга алмаштирилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вафотига 40 йилдан ортиқ вақт ўтганда Леонид Брежнев Киевнинг фахрий фуқароси унвонидан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Украина СССР ҳайкал герб “Родина-мать”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг