Украинада депутат қишлоқдаги йиғилиш пайтида граната портлатди (видео)
Олам
−
15 Декабрь 2023
13280Украиналик депутат Закарпатиядаги Керецковский қишлоқ кенгаши йиғилишида учта гранатани портлатиб юборди. Воқеа акс этган тўлиқ видеони “Страна” нашри эълон қилди.
Кадрларга қараганда, депутат кичкина хонага кириб, баҳслашаётган йиғилиш иштирокчиларининг гапини бўлиб, бир неча бор “Мумкинми мен..?” дея сўз навбати беришларини сўраган. Жавоб бўлмагач чўнтагидан учта гранатани чиқариб, йиғилганлар олдига ташлаган.
Эътиборлиси баҳслашаётганлар унинг ҳаракатларига ҳеч қандай "реакция" билдирмаган, эҳтимол, улар гранаталарнинг ҳақиқийлигига ишонмаган. Шундан сўнг, портлаш овози эшитилган.
Украина Миллий полицияси маълумотларига кўра, 26 киши жабрланган, улардан олти нафарининг аҳволи оғир. Гранаталарни портлатган шахс ҳам оғир яраланган ва у айни пайтда жонлантириш бўлимида.
“Страна” газетасининг ёзишича, гранаталарни портлатган шахс 54 ёшли Сергей Батриндир. Хабарларга кўра, у Кушница қишлоғида яшайди. У Зеленскийнинг “Халқ хизматчиси” партияси аъзоси.
Депутат нега бундай қилганининг сабаби ҳозирча номаълум.
Маҳаллий нашрларнинг маълум қилишича, Керецковский қишлоқ кенгаши таркибига 26 депутат киради – портлашдан ҳам айнан шунча одам жабрланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қурол билан ноқонуний муомала қилиш моддаси бўйича жиноий иш очилган. Шунингдек, бошқарма воқеа терроризм моддаси бўйича тергов қилинаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг ёрдамчиси Геннадий Частяков Киев вилоятининг Чайки қишлоғидаги уйида граната портлаши оқибатида ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси