Украина Қуролли кучлари бош қўмондонининг ёрдамчиси ўзини портлатиб юборди
Олам
−
07 Ноябрь 2023
16035Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг ёрдамчиси Геннадий Частяков Киев вилоятининг Чайки қишлоғида граната портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб, “Українська правда” хабар берди.
Валерий Залужнийнинг ўзи ҳам ёрдамчисининг ўлимини тасдиқлаган.
“Украина Қуролли Кучлари ва шахсан мен учун таърифлаб бўлмайдиган оғриқ ва оғир йўқотиш. Бугун, фожиали шароитда, ўзининг туғилган кунида ёрдамчим ва яқин дўстим, майор Геннадий Частяков вафот этди. Совғалардан биридаги номаълум портловчи қурилма ишга тушган. Геннадийнинг рафиқаси ва тўрт фарзанди қолди. Унинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдираман", деган Украина Қуролли кучлари бош қўмондони.
Украина Ички ишлар вазирлиги вакили Маряна Реванинг айтишича, 39 ёшли Частяков қуролга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиши оқибатида уйида ҳалок бўлган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, полиция квартирани текшириш чоғида бешта бузилмаган граната топиб олган. Частяковнинг рафиқаси ҳуқуқ-тартибот идораларига эрининг қўлида портлаган граната у уйга олиб келган совға сумкасида бўлганини айтган. Пакетни очиш вақтида портлаш содир бўлган.
Бошқа бир манба эса Частяковнинг ўғли Глеб юзидан жароҳат олганини айтмоқда. Частяков гўёки гранаталардан бирини олиб, ёнида турган ўғлига уни қандай бошқаришни кўрсата бошлаган.
Кейинчалик Украина Ички ишлар вазири Игор Клименко содир бўлган воқеа тафсилотларини маълум қилган. ИИВ хабарига кўра, 6 ноябрь куни туғилган кунини нишонлаган Частяков ҳамкасбларининг совғаларини олиб, уйига қайтган ва уларни қариндошларига кўрсатишни бошлаган.
У ичида гранаталар солинган совға қутисини чиқариб, ўқ-дорилардан бирини ўғлига намойиш этган. Бу Ғарб услубидаги янги гранаталар эди. Аввал ўғли қўлига қуролни олиб, унинг халқасини бурай бошлаган. Шундан сўнг аскар боланинг қўлидан гранатани олиб, халқани тортиб юборган ва оқибатда фожиа содир бўлган.
LiveБарчаси