Украинада 6-12 ой жанг қилиш учун етарлича аскар бор – NYT
Олам
−
02 Ноябрь
3647Украина Қуролли кучларида жангларни яна 6-12 ой давом эттириш учун етарлича аскар бор, шундан сўнг Киев кескин ишчи кучи етишмаслигига дуч келади. Бу ҳақда кеча, 1 ноябрь куни Пентагон таҳлили билан таниш бўлган расмийлардан бирига таяниб, “The New York Times” хабар берди.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Киев Россиянинг Курск вилоятидаги ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор янги ташкил этилган бригадаларни юборган – улардан дастлаб режалаштирилганидек, Украинанинг шарқий ва жанубий чегараларини ҳимоя қилиш ёки захираларни яратиш учун ишлатишда фойдаланилган. Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг қайд этишича, Киев янги аскарларни жалб этиш, шунингдек, уларни тайёрлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда.
Жорий йил ёзда америкалик таҳлилчилар Россия яқин ойларда Украинада сезиларли муваффақиятга эриша олмайди, деб ҳисоблаган эди. Нашрнинг қайд этишича, бу тахминлар нотўғри бўлиб чиқди.
“Россия армияси ўзгарди ва энди олдинга интилмоқда”, дейди АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори.
NYT АҚШнинг айрим разведка агентликлари ва Пентагон расмийлари Украинанинг Россия ҳужумини тўхтата олишига умидсизлик билан қараётганини ёзган.
Украина томони билан учрашувда Остин, бошқа бир қатор қўмондонлар, шунингдек, иттифоқчи кучларнинг Европадаги олий қўмондони, айни пайтда АҚШнинг Европадаги қўмондонлигига раҳбарлик қилаётган генерал Кристофер Каволи қишки ҳарбий режалар ва қандай қурол-яроғлар билан таъминланишини муҳокама қилган. Пентагон вакилига кўра, Қўшма Штатлар яқин беш ой ичида Киевга ўқ-дорилар етказиб бериши мумкин.
Шу билан бирга, 29 октябрь куни АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан ва Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг идораси раҳбари Андрей Ермак Вашингтондаги икки соатлик учрашувда Жо Байденнинг режаларига ҳам тўхталиб ўтганди. Унга асосан, Байден маъмурияти йил охиригача Украинага ҳаво мудофааси учун артиллерия тизимлари, зирҳли транспорт воситалари ва ўқ-дорилар етказиб беришни тезлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дрони Ставрополь ўлкасининг Светлоград шаҳридаги нефть омборига ҳужум қилганди. Светлоград Ставрополь ўлкасининг Петровский туманида, Ставрополдан 80 км шимоли-шарқда жойлашган. Шаҳарда “Роснефт-Ставропол” компаниясининг Светлоград нефть омбори жойлашган.
LiveБарчаси