Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик узайтирилди
Олам
−
27 Январь 2063 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликни яна 90 кунга узайтиришни назарда тутувчи, Олий Рада томонидан маъқулланган қонунларни имзолади. Тўлиқ миқёсдаги уруш бошланганидан буён бу қарор 18-марта қабул қилинмоқда. Тегишли ҳужжатлар кеча, 26 январь куни Украина Олий Радаси сайтида эълон қилинди.
Зеленский ушбу қонун лойиҳаларини парламентга 12 январь куни киритган, 14 январь куни эса депутатлар уларни маъқуллаб, Президент имзосига юборган. Қонунларга кўра, сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат 3 февралдан 4 майгача амал қилади. Февраль бошигача эса ушбу тартиблар 2025 йил октябрь охирида қабул қилинган аввалги қарорлар асосида кучда бўлиб туради.
Украинада ҳарбий ҳолат Россиянинг 2022 йил 24 февралдаги кенг кўламли ҳарбий бостириб киришидан сўнг жорий этилган. Шу куни Президент Зеленский умумий сафарбарлик тўғрисидаги қонунни ҳам имзолаган.
2025 йилнинг август ойида Украина ҳукумати 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган ёш йигитларга мамлакатни тарк этишга рухсат берган эди.
2025 йилнинг декабрь ойида Зеленский Россия билан уруш Украина хавфсизлик кафолатларига эга бўлмагунча тугамаслигини, шунингдек, шу вақтгача ҳарбий ҳолат ҳам бекор қилинмаслигини айтган.
Ҳарбий ҳолат режими Украина ҳукуматига қатор чекловларни жорий этиш ҳуқуқини беради. Ушбу даврда мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш чекланиши, шунингдек, фуқаролар ва чет элликлар учун транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилиши мумкин.
Бундан ташқари, давлат айрим аҳоли тоифалари учун мажбурий меҳнат ёки жамоат ишлари жорий этиши, шунингдек, армия эҳтиёжлари учун мулкни мажбурий тарзда олиб қўйиши мумкин.
Ҳарбий ҳолат даврида Украина суверенитетига таҳдид солади деб топилган сиёсий партиялар фаолиятини тақиқлаш, митинглар, намойишлар ва оммавий тадбирларни ўтказишга чекловлар киритиш ҳам қонун билан рухсат этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ воситачилигида Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги навбатдаги музокаралар 1 февраль куни Абу-Дабида бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси