Россия ва Украина ўртасидаги навбатдаги музокаралар қачон бўлиши айтилди

Олам

image

АҚШ воситачилигида Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги навбатдаги музокаралар 1 февраль куни Абу-Дабида бўлиб ўтади. Бу ҳақда АҚШнинг исми ошкор этилмаган расмийси ОАВ вакиллари билан телефон брифингида маълум қилди.

У Абу-Дабида ўтказилган Россия ва Украина ўртасидаги дастлабки тўғридан тўғри музокараларни “катта қадам” деб атади.

AFP келтирган иқтибосга кўра, АҚШ вакили томонлар ўртасида ўзаро ҳурмат сезилганини таъкидлаган.

“Залда томонлар бир-бирига нисбатан катта ҳурмат кўрсатди, чунки улар чиндан ҳам ечим топишга интилди. Биз масалаларни энг майда жиҳатларигача муҳокама қилдик. Худо хоҳласа, келаси якшанба куни (1 февраль) яна бир учрашув бўлиб, бу келишувни якуний босқичга олиб чиқамиз”, деган у.

Кейинроқ бу баҳони АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам тасдиқлаган.

“Музокаралар жуда конструктив ўтди, келаси ҳафта Абу-Дабида музокараларни давом эттириш режалаштирилган”, деб ёзган у X ижтимоий тармоғида.

АҚШ расмийсининг маълум қилишича, 22 январь куни Москвада Стив Уиткофф, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси Жош Грюенбаум Россия Президенти Владимир Путин билан тўрт соат давом этган учрашув ўтказган.

Ушбу учрашув жуда самарали бўлган, унда ҳал этилмай қолган масалалар муҳокама қилинган.

Учрашув якунida Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков музокараларда ҳудудий масала муҳим ўрин тутганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Анкоридж формуласи асосида ҳудудий масала ҳал этилмас экан, узоқ муддатли келишувга эришиш қийин.

Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасидаги музокаралар 23–24 январь кунлари Абу-Дабида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Украина делегациясига Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров раҳбарлик қилди. Музокараларда Президент девони раҳбари Кирилл Буданов ҳам иштирок этди.

Россия делегациясига Мудофаа вазирлиги вакиллари, жумладан Бош штаб Бош бошқармаси раҳбари Игор Костюков бошчилик қилди.

Украина Президенти Владимир Зеленский музокараларни ижобий баҳолаб, муҳокамалар конструктив бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, томонлар урушни якунлаш шартлари ва Украина хавфсизлик кафолатлари масаласини муҳокама қилган.

Шу билан бирга, музокаралар арафасида Москва Донбасс ҳудудидан Украина қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш талабини яна бир бор тасдиқлади. Киев эса бу талабни қатъиян рад этмоқда.

Музокараларнинг биринчи кунидан сўнг Россия Украинага навбатдаги кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумини амалга оширди. Киев расмийлари бу зарбалар тинчлик жараёнига қарши қаратилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина музокара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг