Украина ва Хитой вакиллари Зеленскийнинг “тинчлик формуласи”ни муҳокама қилди
Олам
−
08 Март
5852Киевда Хитой ҳукуматининг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуй бошчилигидаги делегация билан Украина Президенти ва ҳукумати девонидаги расмийларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда кеча, 7 март куни Президент идораси сайтида хабар берилди.
Томонлар Украинадаги хавфсизлик ҳолати, жанг майдонидаги вазият, Украина “тинчлик формуласи” ва унга эришишда Хитойнинг иштирокини муҳокама қилган.
“Биз Хитой билан ҳамкорликни қадрлаймиз ва бугунги музокаралар муносабатларимизни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлишига умид қиламиз”, деган Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак.
Хитой делегациясига Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилиб, Россияга топширилган ҳамда Москва томонидан ҳужумларда фойдаланилган ва Украина ҳудудида уриб туширилган ракета бўлаклари ва бошқа қурол элементларининг намуналари кўрсатилган.
Ли Хуй 2 мартдан бери халқаро сафарда. У дастлаб Россияга борган. Эълон қилинган жадвалга кўра, хитойлик дипломат Европа Иттифоқи штаб-квартирасига ҳамда Полша, Германия ва Францияга ҳам ташриф буюради.
Маълумот учун, 2022 йил сентябрь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский Индонезиянинг Балида бўлиб ўтган G20 етакчилари саммити чоғида Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик бўйича ўзининг 10 банддан иборат қарашларини тақдим этган. Улар орасида Украинанинг ядровий, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, барча маҳбуслар ва депортация қилинганларни озод қилиш, Россия қўшинларини олиб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бор.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Зеленскийнинг формуласини “амалга ошириб бўлмайдиган” деб атаган бўлса, АҚШ Президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шольц, аксинча, буни олқишлаганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Украинада уруш бошланганидан бери Зеленский билан илк телефон мулоқотини ўтказганди. Май ойида эса Хитойнинг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуй Украина, Польша, Франция, Германия ва Россияга бориб, у ердаги расмийлар билан учрашганди.