Украина Ўзбекистон иштирокидаги келишувдан чиқди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
36887Украина МДҲ давлатларининг иқтисодий жиноятларга қарши биргаликда курашиш ҳақидаги келишувидан чиқди. Бу ҳақда Украина ҳукуматининг Олий Рададаги вакили Тарас Мельничук маълум қилди.
“1996 йил 12 апрелда Москвада Украина ҳукумати билан Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги муносабатлар доирасида имзоланган иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим вазиятнинг тубдан ўзгариши сабабли тўхтатилди”, дейди Мельничук.
Қайд этиш жоизки, мазкур шартнома МДҲга аъзо барча давлатлар томонидан имзоланган. У Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 августдаги “Ҳукуматлараро битимларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган ва 1997 йил 21 ноябрдан кучга кирган.
Бундан ташқари, Олий Рада “МДҲга аъзо давлатларнинг маданий ўсимликларнинг генетик ресурсларини сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимдан чиқиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Мельничук келишув 1999 йил 4 июнда Минскда имзоланганини ва 2000 йил 10 февралда Украина ҳукумати томонидан тасдиқланганини эслатган.
Маълумот учун, Украина ҳукумати мунтазам равишда Россия, Беларусь, Сурия, шунингдек, МДҲ доирасида тузилган шартномалардан чиқишини эълон қилиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ёзида Дамашқ Донбассни мустақиллигини тан олганидан кейин Украина Сурия билан тузилган иккита келишувдан чиққанди. Шунингдек, Киев Россия ҳукумати билан икки давлат элчихоналари ҳузурида ўзаро савдо-иқтисодий ваколатхоналарни ташкил этиш тўғрисидаги келишувдан, қолаверса, МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги битимдан ҳам чиққани эълон қилган.
LiveБарчаси