Украина Россиянинг иккита кемасига зарба берди

Олам

image

Украина мудофаа кучлари Россиянинг “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига, алоқа марказига, шунингдек, аннексия қилинган Қримдаги Севастополь порт шаҳридаги Қора денгиз флотининг бир қанча инфратузилма объектларига зарба берди. Бу ҳақда кеча, 24 март куни Украина Қуролли кучларининг Стратегик алоқа департаменти Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
 
"Ямал" ва "Азов" Совет Иттифоқи даврида Совет денгиз флоти буйруғи билан Польша ҳудудида қурилган”, деб ёзади Украинанинг “Обозреватель” нашри. 

Нашрга кўра, “Ямал” кемаси 2008 йилда Грузия ҳарбий-денгиз флоти кемаларини йўқ қилиш мақсадида Поти портига қўшин киритиб, Россиянинг Грузияга қарши қуролли агрессиясида бевосита иштирок этган. Яқинда иккала кема ҳам Қримга жойлаштирилган ва Россиянинг Украинага қарши ҳарбий амалиётларида қатнашган.

Бир кечада аннексия қилинган Қрим ва Севастополь ракета ҳужумига учради. Украинанинг 24-каналининг маҳаллий аҳолига таяниб хабар беришича, Симферополь, шунингдек, Севастополь ва унга яқин жойлашган бир қанча шаҳарларда портлашлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳаракатлари эшитилган.

Севастополнинг раҳбарияти ҳужумни тасдиқлади, аммо у қайтарилганини билдирди. Шу билан бирга, шаҳардаги турар-жой биносига ракета парчаси тушиши оқибатида 65 ёшли маҳаллий фуқаро ҳалок бўлгани,  тўрт киши жароҳатлангани маълум қилинди. 

Ўз навбатида, 24 мартга ўтар кечаси Россия Украинанинг қатор ҳудудларига ҳаво ҳужумларини амалга оширган. Украинанинг барча ҳудудларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш эълон қилинди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия Федерацияси Мурманск вилоятидаги ҳаво базасидан ҳужумлар уюштириш учун 14 та Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолёти ҳавога кўтарилган.

Шундай қилиб, Киевда портлашлар эшитилди, бироқ шаҳар мэри Виталий Кличко шаҳарда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ишлаётганини айтди. Унга кўра, ракеталардан бирининг бўлаклари пойтахтнинг Деснянский туманидаги ўрмон зонасига тушиб кетган.

Львов мэри Андрей Садовой “минтақага 20 га яқин ракета ва еттита Shahed дронлари учаётганини” айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг