Украина Россиядан мингдан ортиқ аскарининг жасадини қайтариб олди

Олам

image

Украина жанглар вақтида ҳалок бўлган 1 минг 212 нафар ҳарбийнинг жасадини Россиядан қайтариб олди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Маълум қилинишича, қайтарилган ҳарбийлар орасида Курск, Харьков, Запорожье, Херсон, Донецк ва Луганск ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар вақтида ҳалок бўлганлар бор.

Ушбу қайтарув ишлари Халқаро Қизил Хоч қўмитаси кўмагида амалга оширилган ва Украина жараёнда кўрсатган кўмаги учун қўмитага миннатдорлик билдирган. Яқин кунларда ҳалок бўлганларнинг жасадлари Украина Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларига суд-тиббиёт экспертизаси учун топширилиши кўзда тутилган. 

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терговчилари ва Ички ишлар вазирлигининг эксперт муассасалари билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг шахси имкон қадар тезда аниқланади”, дейилади хабарда. 

Россия Давлат Думаси депутати, ҳарбий операция бўйича парламент координация гуруҳи вакили Шамсаил Саралиев РБК нашрига Украина томонига жасадлар топширилганини тасдиқлаган.

“Мен тасдиқлайман. Бугун жасадлар топшириш жараёни ҳақиқатан ҳам амалга ошди”, деган у. 

Қайд этилишича, Украина томони Россия ҳарбийларининг жасадларини топширишни маълум муддатга кечиктирган. 

Маълумот учун, уруш бошланганидан бери Россия ва Украина 80 мартадан ортиқ асирлар алмашинувини амалга оширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулда бўлиб ўтган музокараларда томонлар “ҳар бир асирни уйига қайтариш” тамойили асосида келишувга эришганди. 

Украина Мудофаа вазири, делегация раҳбари Рустам Умаровга кўра, томонлар ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини “6000 га 6000” форматида ўзаро топширишга ҳам келишиб олган. Россия ҳам Киевга 6000 нафар ҳалок бўлган украиналик ҳарбий жасадини бир томонлама топширишга ваъда берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия жасад Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг