Украина-Россия ўртасида ўтказилиши режалаштирилган музокаралар бекор қилинди
Олам
−
17 Август
11201Киевнинг Курскка ҳужуми туфайли Украина ва Россия ўртасида ўтказилиши режалаштирилган музокаралар бекор қилинди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Газета маълумотларига кўра, Киев ва Москва Доҳада ўтказилиши керак бўлган ўт очишни тўхтатиш бўйича яширин музокараларга тайёрлашаётган эди, бироқ Украина Қуролли кучларининг Россия Федерациясининг Курск вилоятига ҳужуми туфайли жараён муваффақиятсизликка учраган.
Нашрнинг қўшимча қилишича, Украина ва Россия ўртасида Қатар воситачилигидаги билвосита музокаралар август ойида бўлиб ўтиши керак эди. Томонлар энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатишга келишиб олиши тахмин қилинган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, йиғилиш жорий йилнинг 22 август кунига кўчирилган ва у видеоконференция орқали ўтказилиши айтилмоқда. Киевдаги манбаларнинг қайд этишича, Россия ҳудудига қўшин киритиш тўғрисидаги қарор қисман Украинанинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаш учун қабул қилинган.
Украина Президенти Владимир Зеленский агар Россия Украина ерларидан, жумладан, Россия 2014 йилда босиб олган ва аннекция қилган Қрим яриморолидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетса, Киев тўлиқ ўт очишни тўхтатиш масаласини кўриб чиқишини айтганди.
Қўшма Штатлар Президенти Жо Байден Украинанинг Россияга ҳужуми Россия Президенти Владимир Путин учун ҳақиқий дилеммани яратишини айтди ва АҚШ расмийлари украиналиклар билан доимий алоқада эканлигини қўшимча қилди.
Кремль эса Ғарбни Украинанинг Курскка ҳужумида ёрдам беришда айблади. Шунингдек, Россия КХШТга Курск вилоятидаги вазият билан боғлиқ ҳолда ҳарбий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучлари 6 августдан буён фаолият юритаётган Россия Федерацияси Курск вилоятининг Болшесолдатский туманида аҳоли ўз кучи билан ва маҳаллий маъмурият ёрдамида эвакуация қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси