Украина НАТОга ҳеч қандай шартларсиз қабул қилиниши керак – Борис Жонсон
Олам
−
15 Июль 2023
5313Буюк Британия собиқ Бош вазири Борис Жонсон Украина НАТОга ҳеч қандай шартларсиз қабул қилиниши кераклигини айтди. Бу ҳақда у “Daily Mail” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, Борис Жонсон НАТОни тарихдан сабоқ чиқармаганлик ва шу ҳафта Вильнюсда бўлиб ўтган альянс саммитида Россияга “тўғри мессеж” юбориш имкониятини қўлдан бой берганликда айблаган.
Собиқ Бош вазир нашрга берган интервьюсида НАТОнинг Украина бўйича позициясини кескин танқид остига олган. Унинг айтишича, ҳеч бир давлат Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлишга мослигини исботлаш учун Украиначалик кўп иш қилмаган.
“Альянс қилиши керак бўлган ягона иш Украина учун ҳозироқ доимий аъзоликни бериш эмас, (уруш давом этар экан, бунинг маъноси йўқ) балки уни ғалабага эришилган заҳоти қабул қилиш бўлиши керак”, дейди у.
Шунингдек, Жонсон Россия Украинани ўз таъсир доирасига қайтариш имконияти мавжуд деб ҳисоблар экан, бунга ҳаракат қилаверишини таъкидлаган.
“Путинни жиловлаб туришга қаратилган ҳаракатнинг 20 йиллик сабоғини қачон чиқарамиз? Бизнинг ноаниқлигимиз, иккиланишимиз ва аниқ қарор қабул қила олмаганимиз уни [Украинага]бостириб киришга ундади. У Украинани Москва орбитасига қайтара оламан, деб ўйлар экан, Совет Иттифоқини қайта тиклай оламан, деб ҳисоблар экан, бунга ҳаракат қилаверади”, дейди собиқ бош вазир.
Маълумот учун, НАТОнинг 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтган саммитида Украинани альянсга қабул қилиш бўйича аниқ шартлар маълум қилинмади. Бунинг ўрнига мамлакат “иттифоқчилар рози бўлганида ва шартлар бажарилганда” аъзолик учун таклиф юбориши мумкинлиги айтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина НАТОга аъзо бўлишга ҳақли эканини айтганди. Португалия эса Вильнюс саммитидан аввалроқ Зеленский билан телефон суҳбатида Украинанинг альянсга аъзолигини қўллаб-қувватлаш бўйича декларация тузди. Бироқ Германия ва АҚШ Украинанинг Россия билан уруш тугамасидан аввал блокка қўшилишига қарши чиқди.
LiveБарчаси