Украина Қрим яқинидаги газ ва нефть платформаларини қайтариб олди
Олам
−
13 Сентябрь 2023
12585Украина қўшинлари Қрим яқинидаги бир нечта газ ва нефть бурғулаш платформалари устидан назоратни тиклади. Бу ҳақда Украина ҳарбий разведкаси хабар берди.
Айтилишича, Киев қўшинлари “ноёб операция”да “Бойко миноралари” деб номланувчи бурғулаш платформаларини Россиядан қайтариб олган.
Платформалар 2015 йилдан бери Россия ишғоли остида бўлган ва 2022 йил февралида Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери Москва томонидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиб келинган.
“Украина учун Бойко миноралари устидан назоратни тиклаш стратегик аҳамиятга эга эди, бунинг натижасида Россия улардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўқотди. Россия Қора денгизни тўлиқ назорат қилиш имкониятидан маҳрум бўлди ва бу Украинани Қримни қайтаришга яқинлаштирмоқда”, дейилади баёнотда.
Операция давомида Украина махсус кучлари катерлари ва Россия қирувчиси ўртасида тўқнашув содир бўлган. Қирувчи шикастланган ва орқага чекинишга мажбур бўлган. Бош разведка бошқармаси бошқа “қимматбаҳо совринлар” – вертолётлар учун ўқ-дорилар ва Қора денгиздаги кемалар ҳаракатини кузатиш имконини берувчи радар тизимини – ҳам қўлга киритган.
Маълумот учун, 2014 йилда Россия Қрим яриморолини босиб олишидан олдин Украина Қора денгиз шельфида табиий газнинг муҳим қисмини ишлаб чиқарган ва бу нафақат Қримни, балки Украинанинг материк минтақаларини ҳам газ билан таъминлаганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина кучлари Донецк вилоятидаги Урожайное қишлоғини, Запорожье вилоятидаги Работино қишлоғини ва Бахмут йўналишида 3 километр квадрат ҳудудни озод қилганди.
LiveБарчаси