Украина илк бор француз қирувчисини ишга солди

Олам

image

Украина Қуролли кучлари ҳаво ҳужуми сигналига жавобан биринчи марта Франциянинг Mirage-2000  қирувчиларидан фойдаланди. Бу ҳақда Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг Telegram-каналида хабар берилди. 

“Қирувчи самолётлар ҳам иштирок этди, хусусан, F-16 ва Mirage-2000 самолётлари”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Украинага бор-йўғи бир ой муқаддам етиб келган француз қирувчилари ҳаво ҳужуми сигналига жавоб беришда илк бор қатнашган.

6 февраль куни Франция Қуролли кучлар вазири Себастьян Лекорню Франциянинг биринчи  Mirage 2000 самолёти Украинага етказилганини маълум қилди. У Париж қанча қирувчи самолёт етказиб беришни режалаштираётганига аниқлик киритмаган, бироқ ОАВ хабарларига кўра, бу 6 та самолётдан кўп бўлмаслиги мумкин. 

Мутахассисларнинг фикрича, бу қирувчи самолётлар зарба бериш миссиялари учун оптималлаштирилган, бироқ ҳаво нишонларига ҳам зарба бера олади.

Маълумот учун, Mirage-2000 кўп мақсадли, тўртинчи авлод қирувчи самолёти бўлиб, у 1970 йилларда Dassault компанияси томонидан ишлаб чиқилган. У ҳаво нишонларини тутиб олишдан тортиб, ер усти объектларига аниқ зарбалар беришгача бўлган турли вазифаларни бажара олади. Ушбу самолёт Франция авиациясининг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
Mirage-2000 дастлаб янги совет қирувчиларига рақобатчи сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, илк парвозини 1978 йилда амалга оширган. Серияли ишлаб чиқариш эса 1980 йилларнинг бошида бошланган. Ўшандан бери у бир қатор ҳарбий можароларда иштирок этиб, ўзининг самарадорлиги ва ишончлилигини намойиш этган.

Бу қирувчи узоқ масофали SCALP ва Storm Shadow ракеталари ҳамда ақлли AASM Hammer авиабомбаларидан фойдалана олади. Украинага етказиб берилган Mirage 2000-5 версияси модернизация қилинган бўлиб, ерусти нишонларига янада самарали зарба бера олиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойи бошида Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинага Mirage-2000 самолётлари берилиши ҳақида илк бор эълон қилган эди. 2024 йил декабрь охирида Лекорню ушбу қирувчи самолётлар 2025 йилнинг дастлабки уч ойи ичида тўлиқ етказиб берилишини айтди. Ўшанда у самолётлар янги ускуналар, жумладан, ер-ер туридаги ўт очиш тизими ва радиоэлектрон кураш тизими билан жиҳозланишини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Украина Mirage-2000

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг