Украина Франциядан илк Mirage қирувчиларини қабул қилиб олди

Олам

image

Париж ҳарбий ёрдам доирасида Киевга беришга ваъда қилган илк Mirage 2000 қирувчи самолётлари Украинага етиб келди. Бу ҳақда Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Францияда бир неча ой давомида тайёргарликдан ўтган украиналик учувчилар энди Украина осмонини ҳимоя қилишга ёрдам беради”, деб ёзди Лекорню.

Бироқ у Киевга қанча қирувчи етказиб берилгани ҳақида аниқ маълумот бермаган. Олдинроқ эса “La Tribune” нашри манбалари биринчи партияга учта самолёт киришини, Франциянинг умумий ҳисобда шундай 26 та самолётга эгалигини ва уларнинг олтитасини Украинага топшириши мумкинлигини хабар қилганди.

Украина француз қирувчи самолётларини узоқ масофали Storm Shadow ракеталарининг ташувчиси сифатида ишлатиш эҳтимоли илгари сурилмоқда. Украина армияси бундай ракеталар ёрдамида Россия ҳудудининг ичкарисига зарбалар бермоқда.

Маълумот учун, Mirage 2000 – бу кўп мақсадли, тўртинчи авлод қирувчи самолёти бўлиб, у 1970 йилларда Dassault компанияси томонидан ишлаб чиқилган. У ҳаво нишонларини тутиб олишдан тортиб, ер усти объектларига аниқ зарбалар беришгача бўлган турли вазифаларни бажара олади. Ушбу самолёт Франция авиациясининг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Mirage 2000 дастлаб янги совет қирувчиларига рақобатчи сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, 1978 йилда илк парвозини амалга оширган. Серияли ишлаб чиқариш эса 1980 йилларнинг бошида бошланган. Ўшандан бери у бир қатор ҳарбий можароларда иштирок этиб, ўзининг самарадорлиги ва ишончлилигини намойиш этган.

Бу қирувчи узоқ масофали SCALP ва Storm Shadow ракеталари ҳамда ақлли AASM Hammer авиабомбаларидан фойдалана олади. Украинага етказиб берилган Mirage 2000-5 версияси модернизация қилинган бўлиб, ерусти нишонларига янада самарали зарба бера олиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойи бошида Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинага Mirage 2000 самолётлари берилиши ҳақида илк бор эълон қилган эди. 2024 йил декабрь охирида Лекорню ушбу қирувчи самолётлар 2025 йилнинг дастлабки уч ойи ичида тўлиқ етказиб берилишини айтди. Ўшанда у самолётлар янги ускуналар, жумладан, ер-ер туридаги ўт очиш тизими ва радиоэлектрон кураш тизими билан жиҳозланишини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция қирувчи самолёт Украина Mirage 2000

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг