Макрон Mirage 2000 қирувчи самолётларини Киевга топширишга ваъда берди

Олам

image

Франция Украинага бир қатор модернизация қилинган Mirage 2000-5 кўп мақсадли қирувчи самолётларни тақдим қилмоқчи. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон кеча, 6 июнь куни Франциянинг TF1 ва "France 2" телеканалларига берган интервьюсида маълум қилди.

"Улар Украинага ўз ҳудуди ва ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишга имкон беради", дейди Макрон.

У украиналик учувчилар 2024 йил охиригача Mirage'га ўтиш учун Францияда тайёргарликдан ўтишлари мумкинлигига аниқлик киритди. Франция Президенти ҳозирча жангчиларнинг аниқ сонини маълум қилгани йўқ.

Бундан ташқари, Макрон яна 4500 нафар украиналик ҳарбийни Францияда ўқитишга ваъда берди. У, шунингдек, Украинага француз ҳарбий инструкторларини юборишга тайёрлигини тасдиқлади.

"Биз жанговар зонада аскарларни тайёрлаш ҳақида гапирмаяпмиз, шунинг учун бу эскалацияни англатмайди. Биз барча ҳамкорларимиз билан ишлаяпмиз ва жамоавий коалиция сифатида қарор қабул қиламиз", дейди у.

Эммануэль Макрон бугун, 7 июнь куни тушдан кейин Украина Президенти Владимир Зеленский билан Елисей саройида учрашади. Зеленский Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню билан ҳам учрашиб, бир қанча келишувларни имзолайди.

AFP хабарига кўра, Франция ҳам Украинанинг уруш пайтида Россия томонидан вайрон қилинган инфратузилмасини тиклаш учун кредит ва хайрия кўринишида 650 миллион евро ажратмоқчи. Бундан ташқари, Франко-Германия мудофаа компанияси KNDS Украинада ўз филиалини очишни режалаштирмоқда.

Франция ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий жанговар самолёти Mirage 1970 йилларда Dassault Aviation томонидан ишлаб чиқилган тўртинчи авлод кўп мақсадли қирувчи самолётдир. Франциядан ташқари, 1984 йилдан бери у Осиё, Европа ва Лотин Америкасидаги бир қанча мамлакатларда хизмат кўрсатмоқда. DPA агентлигига кўра, эскириб қолган Mirage самолётлари аста-секин янги Rafales билан алмаштирилмоқда.

Украинага етказилиши режалаштирилган Mirage 2000-5 версияси 1990 йилларда энг яхшиларидан бири ҳисобланган. Mirage'ни Украинага топшириш бўйича мунозаралар 2023 йилда бўлиб ўтган, аммо Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакиллари асосан Америка F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришга эътибор қаратган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Украина Mirage 2000-5

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг