Украина Ғарбдан кўп миқдорда ракеталар талаб қилмоқда 

Олам

image

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун снарядларнинг етишмаётгани сабаб бу ҳафта бўлиб ўтадиган йиғилишда ғарбдаги иттифоқчиларидан “ер-ҳаво” типидаги ракеталарни зудлик билан етказиб беришни сўрамоқчи. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди. 

Расмийларга кўра, Киев жорий йилнинг 21 апрель куни Рамштайн ҳарбий мувофиқлаштириш гуруҳидаги камайиб бораётган захираларини кучайтириш учун иттифоқчиларга босим ўтказади. Таҳлилчилар Украина ҳаво мудофаасининг заифлашуви унинг режалаштираётган қарши ҳужумини муваффақиятсизликка учратиши мумкинлигини айтмоқда. 

Украинадаги таъминот билан боғлиқ муаммолар уни Россия ҳужуми олдида осон ўлжага айлантириб қўйиши ҳақидаги хавотирлар тез-тез янграй бошлади. Бундан ташқари, шу йилнинг бошида Ғарб разведкаси Россия фронт чизиғига яқин ерда кўп миқдорда қирувчи самолётлар ва ҳужум вертолётларини тўплаётганидан огоҳлантирганди. Ушбу тахминлар мудофаа воситаларининг зудлик билан оширилишига ва АҚШнинг февраль ойи охирида Украина учун яна 2 миллиард долларлик ёрдам пакетини эълон қилишига туртки бўлди.

Аммо яқинда Пентагоннинг матбуотга сиздириб юборилган махфий ҳужжатларида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг бешта энг муҳим воситаси, жумладан, С-300 ва Бук тизимларининг снарядлари тугаётгани ва май ойига бориб, мамлакатнинг ҳаво мудофаа тизими буткул фалажланиб қолиши мумкинлиги ёзилганди

Британия қуролли кучларининг собиқ раҳбари Ричард Барронснинг айтишича, Россия намунасидаги аслаҳалар ва ўқ-дориларга ҳаддан ташқари таянувчи Украинанинг захиралари тугаётган экан, Ғарб уларни осонлик билан ёки жуда шошилинч равишда алмаштириб беролмайди.  

“Бу Украина қарши ҳужумни бошлаши кутилаётган бир пайтда, ҳатто ўз осмонида ҳам назоратни ушлаб туришга қодир бўлмай қолиши хавфини оширади. Бу унинг кучларини жуда заиф қилиб қўяди, ўз навбатида Россия ҳаво кучларига Украинанинг истаган жойига киришга имкон беради”, дейди у. 

Украинага ёрдам бериб келаётган 50 га яқин давлатлар 21 апрель куни Германиянинг Рамштайн шаҳридаги АҚШ ҳаво базасида ҳарбий таъминотни мувофиқлаштириш учун тузилган гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида жам бўлади. Унда Киев томонидан айнан шу масала кўтарилиши кутилмоқда. 

Аввалги учрашувларда Украинанинг Ғарб танклари, қирувчи самолётлар ва артиллерия ўқ дориларига бўлган эҳтиёжи муҳокама қилинган. Бироқ ҳаво мудофаа тизимлари анча жиддийроқ масала экани айтиляпти. 

Ҳаво мудофааси ўқ-дорилари етарли даражада таъминланган бўлса ҳам, Украина Россияни мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудудларидан сиқиб чиқаришга қаратилган узоқ вақтдан бери режалаштирилган қарши ҳужумни амалга ошириш учун жуда мураккаб муаммога дуч келади.

Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, ҳар қандай муваффақиятли қуруқлик ҳужумининг асосий омили ҳаво мадади ҳисобланади. Россиянинг реактив ва бомбардимончи самолётлари эса  Украинанинг фронт чизиғида зарба беришга уринаётган қўшинларига хавф туғдириши мумкин. 

Ҳозирча Ғарб расмийлари Россиянинг ҳаводаги устунлиги йўқлиги, ғарбдан Украинага ёрдам тариқасида берилаётган қуроллар етказилаётганини айтиб, оптимистик фикрларни олға суряпти. 

Бироқ агар таъминотдаги камчиликлар ва мудофаанинг заифлашиши Россиянинг жиддий ғалабаларига сабаб бўла бошласа, Украинага замонавий қирувчи самолётларни етказиб бериш ва парвоз тақиқланган ҳудуд яратиш талаблари қайта янграй бошлаши мумкин. Ҳозиргача бўлган муддатда НАТО Украинанинг бундай истакларини рад этиб келганди.

“Бу ерда жуда қийин танлов бор: ё Ғарб ўзининг мудофаа саноати ишлаб чиқаришини сезиларли даражада ва тез суръатда оширади ёки буни қилмасликни танлайди ва Украинанинг шунчаки самарали курашиш учун воситаларга эга бўлмаслик оқибатида мағлуб бўлиши ва эътиборсиз қолдирилиши хавфини оширади”, дейди Ричард Барронс.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва коллектив Ғарб узоқ вақтдан буён эскалация хавфидан қўрқиб, Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришни пайсалга солиб келди. Бироқ улар бу сиёсатни бироз ўзгартириб, Россияга қарши туриш учун советлар даврида ишлаб чиқарилган МиГ-29 қирувчи самолётларини Украинага беришга рози бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг