Украина дронлари Қримдаги нефть базасига зарба берди
Олам
−
07 Октябрь
5722Қримнинг Феодосия шаҳрида жойлашган нефть базасига Украина дронлари ҳужум қилди. Оқибатда нефть базасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар раҳбарияти хабар берди.
Ҳокимият ҳодиса туфайли техноген фавқулодда ҳолат жорий қилинганини эълон қилди. Аммо кейинроқ маълумотни рад этиб, бу “техник хатолик” бўлганини маълум қилди.
Қайд этилишича, нефть базаси яқинидаги иккита кўчада транспорт ҳаракати тўхтатилган. Россия ФВВ ходимлари ёнғинни бартараф этиш билан шуғулланмоқда. Феодосия маъмурияти раҳбари Игорь Ткаченко жабрланганлар ва қурбонлар йўқлигини таъкидлаган. Шаҳар ҳокимияти ёнғин сабаблари ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган. Маҳаллий аҳоли эса ижтимоий тармоқларда ёнғиндан олдин портлаш овозларини эшитганини ёзган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган тун Украина дронларидан 12 таси Қримда, 6 таси Курск вилоятида, битта дрон эса Белгород, Брянск ва Воронеж вилоятларида йўқ қилинган.
Маълумотларга кўра, Феодосиядаги дрон ҳужумининг нишони “Морской нефтяной терминал” АЖ бўлган. У эса Қримдаги энг йирик нефть маҳсулотлари ташувчи терминал ҳисобланади. Ушбу нефть базаси 2023 йил қишида ва 2024 йил баҳорида ҳам Украина дронлари ҳужумига учраган.
Маҳаллий ОАВга кўра, 7 октябрь тунида Қримдаги Сак ва Бельбек ҳарбий аэродромларига ҳам ҳужум қилинган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби Феодосиядаги денгиз нефть терминалига зарба берилганини тасдиқлаган ва бу нефть базаси Россия оккупацион армиясининг эҳтиёжларини таъминлаш учун ишлатилишини таъкидлаган.
“Украина мудофаа кучларининг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорликда ракета қўшинлари бўлинмалари томонидан вазифа бажарилди. Россия Федерациясининг ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини заифлаштириш бўйича чоралар давом этмоқда”, дея маълум қилган Украина Қуролли кучлари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинларининг Харьков шаҳри ва вилоятига бошқариладиган бомбали ҳужумларни бошлагани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
06 Ноябрь