Украина дони кемаларда ночор Африкага эмас, Ғарбга ташиляпти – Расмий Москва

Олам

image

Озиқ-овқат келишуви доирасида Украина портларидан дон билан чиқиб кетаётган кемаларнинг манзиллари Ғарбнинг очликка қарши кураш ниятларининг самимийлигига шубҳа уйғотади. Бу ҳақда Россия ТИВ ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Иван Нечаев брифингда айтиб ўтган. 

“Афсуски, ҳозиргача Африканинг очликдан азоб чекаётган мамлакатларига донли бирорта ҳам кема етиб бормаган. Улар асосан Ғарб портларига боряпти, экспорт қилинадиган товарлар ассортименти асосан буғдой эмас, маккажўхори донаси, кунгабоқар ёғи. Шу сабаб бу ҳаракатлар Ғарбнинг самимиятига шубҳа уйғотади”, дейди вазирлик вакили.

Унинг сўзларига кўра, Истанбулда имзоланган келишувлардаги Россия озиқ-овқат ва ўғитларини жаҳон бозорига олиб чиқишга оид қисми амалга оширилмаяпти.

Нечаевнинг таъкидлашича, Москва “барча пакетли келишувлар тўлиқ амалга оширилишини ҳамда Ғарб давлатлари Россия ўғитлари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорига чиқиши учун зарур шарт-шароитларни яратишини” кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина дони

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг