Хитойнинг Ухань вирусология институти ва Хуачжун қишлоқ хўжалиги университети олимлари 15 фоиз мушукда COVID-19 коронавирусини аниқлашди. Уларнинг тиббий хулосаси бугун, 4 апрель куни bioRxiv илмий электрон кутубхонасида эълон қилинди.
Олимлар тадқиқот давомида Уханнинг турли ҳудудларида жойлашган ҳайвонларни сақлаш жойларига ташриф буюрди. Улар 102 та уй ва дайди мушук қонидан намуна олишди.
“Қўлга киритган маълумотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, Уханда коронавирус чўққига чиққан пайт, COVID-19 мушукларни зарарлаган. Олиб борган тадқиқотларимиз шунга далил қилмоқда-ки, коронавирус кенг тарқалган ҳудудларда инфекция мушукларга ҳам юқиши мумкин экан”, дейилади тадқиқот баёнотида.
Мутахассисларнинг фикрича, вирус бир жонивордан иккинчи жониворга ҳаво-томчилари орқали юқади. Аммо мушуклар одамларга ҳам вирусни юқтириши ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бу ҳолат ҳали шу вақтгача кузатилмаган.
Олимлар ҳозирча дайди мушуклар қандай қилиб инфекция юқтириб олганини аниқлай олмаяпти. Тахминларга кўра, вирус жониворларга одамлар орқали ёки турли буюмларнинг сиртқи қисмидан юққан бўлиши мумкин.