Ўқитувчиларни “шанбалик”ка мажбурлаган мактаб директори жазоланди
Жамият
−
23 Август 2023
6229Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 149-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, суриштирувлар давомида муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур хабар ўз тасдиғини топган. Унга кўра, Яшнобод туманидаги 149-мактаб директори томонидан ўқитувчилар ноқонуний равишда ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилинган.
Шу сабабли, ташкилот раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилган. Мазкур моддада БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима жазоси белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 28-мактаб ўқитувчилари директор томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 12-умумтаълим мактаби раҳбари ўқитувчиларни таътил вақтида мажбурий меҳнатга жалб қилган эди.