Хоразмда ўқитувчиларга мактабни тозалатган директор жаримага тортилди
Жамият
−
12 Август 2023
7898Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 28-мактаб ўқитувчилари директор томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабар тарқалди. Кейинчалик вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат назорати инспекцияси мазкур хабарни тасдиқлади.
Қайд этилишича, ходимлар муассаса директори Н.А.нинг топшириғи билан ишга чақирилган. Бу орқали у Меҳнат кодексининг 115-моддаси (Иш вақтининг нормал муддати)га зид равишда меҳнат шартномасида кўрсатилмаган, ўз хизмат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларга жалб қилгани аниқланган.
Шу сабабли Н.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми (Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан маъмурий жарима жазоси қўлланилган. Қонунга кўра, эндиликда мактаб директори базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима тўлаши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 12-умумтаълим мактаби раҳбари ўқитувчиларни таътил вақтида мажбурий меҳнатга жалб қилган эди. Шундан сўнг, мактаб директори билан тузилган меҳнат шартномаси ўз аризасига кўра бекор қилинган.
LiveБарчаси