ЎФА хато устига хато қилмоқда ёхуд “шармандага шаҳар кенгми”?
Таҳлил
−
18 Май 2019
17842Хабарингиз бор, айни пайтда Ўзбекистон Суперлигасининг 9-тур баҳслари бўлиб ўтмоқда. Илк баҳсда “Пахтакор” ҳеч қанда қийинчиликсиз “Андижон” жамоасини сафарда йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этган эди.
Кечаги кунга белгиланган иккинчи баҳс эса, омма учун бир қатор қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Муаммоли вазият билан ҳамманинг ёдида қоладиган бу учрашувда “Локомотив” пойтахтнинг бошқа бир жамоаси “Бунёдкорни” қабул қилди.
Учрашувдан олдин деярли барча амалдаги чемпионларнинг бу ўйинда ҳеч қандай қийинчиликсиз ғалаба қозонишини тахмин қилаётган эдилар. Негаки, бу мавсумда ҳам “темирйўлчилар” амалда чемпионлик учун кураш олиб бораётган бўлишса, Вадим Абрамов бошқараётган “Бунёдкор” мавсум аввалида бир қатор етакчилари собиқ мураббийи Миржалол Қосимовга эргашиб АГМКга кетиб қолгани учун бироз кучсиздек кўринаётган эди.
Аммо деярли ёш таркиб билан мусобақада иштирок этаётганига қарамасдан “қалдирғочлар” аввалги турларда бир қатор кучли жамоаларни таслим эта олган эди. Шундай бўлсада, барибир тажрибали “Локомотив” кечаги ўйинда фаворит сифатида тилга олинди. Қолаверса, ўйиннинг ҳам “Локомотив” стадионида кечиши юқоридаги тахминни бироз бўлсада жонлантирар эди.
Аммо, ўйиннинг бориши Абрамов тузган тактикага кўра ишлади. Биринчи бўлимда тўпни кўпроқ эгаллаб туришга уринган “Бунёдкор” иккинчи таймда буткул бошқача ўйин кўрсатишди. Рақибга тўпни топшириб, қарши ҳужумда ўз омадини синай бошлади.
Биз ҳозир сиз билан ўйин ҳақида эмас, юқорида тилга олганимиз ҳамманинг ёдида қолган баҳсли вазият ҳақида гаплашмоқчимиз. Бу ҳолат ўйиннинг 90+5-дақиқасида содир бўлди.
Аввал ҳам маълум қилганимиздек, шу пайтга келиб, “Бунёдкор” жамоаси жаримадан узатилган тўпни голга айлантира олди, аммо қанот ҳаками ўзича ўйиндан ташқари ҳолат яратиб байроқчасини кўтарди.
Бу ҳолатда у “Бунёдкор”ни муҳим ғалабадан маҳрум қилди. Аммо ҳаммаси кейин бошланди. Қатор ОАВ бу воқеада ҳакамларни айблаб чиқди. Тоза гол инобатга олинмаганини қайта-қайта ёзишди.
Эътиборлиси, ҳакамларнинг тошбўрон остида қолаётганини кузатиб турган ЎФА ҳам голнинг инобатга олинмагани бўйича махсус баёнот беришга қарор қилди. Ҳаттоки расмларда ифодаланган баёнотга кўра, ҳакам ҳаммасини тўғри бажарган.
Уларнинг билдиришича, гол киритилган вазиятда, “Бунёдкор”нинг 3-рақамли ҳимоячиси Ислом Қобилов ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган. Гарчи у тўпга тегмаган бўлса ҳам дарвоза бонга ҳалақит қилган ёки дарвозабон ҳимоячи туфайли тўпнинг йўналишини кўрмай қолган.
Биз эса айнан ЎФА тақдим этган расмларга кўра, голнинг киритилишини сиз билан таҳлил қилмоқчимиз. Олдиндан ўз фикримизни сизга маълум қилайлик: Гол юз фоиз ҳаққоний урилган. ЎФА нега бундай баёнот берган – буниси ўз виждонига ҳавола.
Гапни индаллосидан бошласак. 90+5-дақиқада ўйинни бошқараётган Аҳрол Рисқуллаев “Бунёдкор”нинг чап қанот бўйлаб амалга ошираётган ҳужумида “темирйўлчилар” ўйин қоидасини бузди деб ҳисоблади ва “Локомотив” дарвозаси томон жарима тўпи белгилади.
Жарима тўпини Анвар Ғофуров амалга ошираётган пайтда “Бунёдкор” ҳимоячиси Ислом Қобилов рақиб футболчиларини чалғитиш учун атайлаб ўйиндан ташқари ҳолатда турган эди. Буни тўп узатилган вазиятда ҳам кўриш мумкин. Негаки, тўп ўзи томон келаётган пайтда у атайлаб тўпда бошини олиб қочишга уринда ва натижада унинг жамоадоши тўп билан дарвоза олдида қулай вазиятда қолди.
Қанот ҳаками эса, бу ҳолатни тушунмади ёки қўпол қилиб айтганда “ёш болаларча” хатога йўл қўйди.
Энди эса ЎФА нега ҳакамларнинг олдига тушиб уларни оқламоқчи бўлганини таҳлил қиламиз. Биласиз кейинги пайтларда Суперлигада ҳакамлар муаммоси энг долзарб мавзуга айланмоқда. Ҳакамлар томонидан ҳатто, футболни тушунмайдиган одам ҳам хатога йўл қўя олмайдиган вазиятларда байроқча кўтариб туришлари энг қизиқ латифадан ҳам ўтиб тушаяпти. (“Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашувини эсланг. Қанот ҳаками ён чизиқдан тўп ташлаб берилаётган пайтда байроқчасин “кўз-кўз” қилган эди).
ЎФА бу каби кечириб бўлмас хатолардан кейин ҳакамларни четлатмоқда. Аммо мутасаддилар қарасаки, кейинги ўйинларни бошқариш учун ҳакамлар қолмаяпти. Шунга кўра кеча улар тахминан шундай қарор қилишди: “Агар ҳакамларнинг хатоси 90 га 10 %ни ташкил қилса ҳам ҳакамларнинг ёнини оламиз!”.
Бу билан нима демоқчиман. Кейинги пайтларда бирорта савияли ҳакам етишиб чиқмаяпти. ЎФАнинг ҳакамлар билан ишлаш системаси мутлақо яроқсиз ҳолатда. Буни тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак. Айтишингиз мумкин кейинги пайтларда ўзбек футболидан ажойиб ҳакамлар етишиб чиқдику деб.
Мен эса сизнинг фикрингизга қўшилмайман. Чунки сиз айтмоқчи бўлаган Равшан Эрматовнинг буюклик даражасига етишида ЎФА, ПФЛ ва унинг ҳакамлар қўмитаси бир тийинлик хизмат кўрсатмаган.
Унинг ҳакам бўлиб етишида биринчи навбатда унинг футболга бўлган муҳаббати ва отаси Сайфиддин Эрматовнинг сай ҳаракатлари ётибди.
Хўш энди нима дейсиз? Ҳали ҳам ўз йўлини топа олмаётган гандираклаётган ЎФА ва ПФЛнинг ҳаваскор лигаси СУПЕРЛИГА дейишга лойиқми?! Бизнингча кўрпага қараб оёқ узатган маъқул...
LiveБарчаси