Уэльсда футболчи ўйин вақтида ҳибсга олинди (видео)
Спорт
−
11 Сентябрь
4377Уэльслик футболчи Жордан Эванс мамлакат чемпионатининг қуйи лигаларидан бирида ўтказилган ўйин вақтида полиция томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда “Wales online” хабар берди.
Манбага кўра, воқеа 7 сентябрь куни содир бўлган. Жордан Эванс “Бэглан Драгонс”нинг “Кумбран Селтик”га қарши ўйинининг иккинчи бўлимида захирадан майдонга тушди. У иккита голли узатмани амалга оширишга муваффақ бўлди ва кейин ғалаба голини киритди. Учрашув 4:3 ҳисобида “Бэглан”нинг ғалабаси билан якунланди.
Учрашув тугашига 5 дақиқа қолганида полиция майдонга тушиб, футболчини ҳибсга олди. Кейинчалик Жанубий Уэльс полицияси 31 ёшли эркакни ўғриликда гумон қилиб ҳибсга олганини тасдиқлади. Бироз вақт ўтгач эса Жордан Эванс ҳеч қандай айбловларсиз қўйиб юборилган.
9 сентябрь куни “Бэглан”нинг ижтимоий тармоқларида эълон қилинган баёнотда айтилишича, клуб ижтимоий тармоқларда тарқалаётган футболчи билан боғлиқ воқеа акс этган видеодан хабардор.
“Биз кўриб чиқилаётган футболчи Жанубий Уэльс полицияси томонидан бир неча соатдан кейин ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилганини тасдиқлашимиз мумкин. Энди биз бу ишни ёпиқ деб ҳисоблаймиз ва бу ҳақда бошқа изоҳ бермаймиз”, дейилади клуб хабарида.
LiveБарчаси